Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 21/06/2026

Александр Федин Ўрмон хўжалиги агентлигига ишга жойлаштирилади, у яратган ўрмон эса дендропарк мақомини олади

Сурхондарё вилоятидаги Оқтепа сув омбори бўйида Александр Григорьевич Федин томонидан яратилган ўрмон массиви дендрология боғига айлантирилади, унинг ўзи эса ишга қабул қилинади. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Президентнинг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — қўмита раиси Азиз Абдуҳакимов Сурхондарёнинг Жарқўрғон туманида Александр Федин билан учрашди ва боғ фаолияти билан танишди.

Суҳбат давомида Фединга у Экология қўмитаси тизимига кирувчи Ўрмон хўжалиги агентлигига ишга қабул қилиниши маълум қилинди. Бундан ташқари, у кўп йиллар давомида ёввойи ҳайвонлар, қушлар ва биохилма-хилликнинг бошқа объектлари яшаш муҳитига эга бўлган ноёб ўрмон массивини барпо этган сув омбори ҳудудида умумий майдони 1500 гектар бўлган дендрология боғи ташкил этилади.

Фединнинг кўп йиллик меҳнати, табиатни муҳофаза қилишга қўшган ҳиссаси ва ижтимоий аҳволи ҳисобга олиниб, бўлажак дендрология боғи ҳудудида унга барча зарур қулайликларга эга хизмат уйи берилади, деб таъкидлади қўмита.

Шунингдек, боғ ходимлари учун ҳам зарур шароитлар яратилади. Хусусан, улар ҳудудни қўриқлаш учун транспорт воситалари билан таъминланади.

Тарих

Аввалроқ «Газета» Александр Федин ва у яратган ўрмон тарихи ҳақида сўзлаб берган эди. У Сурхондарё вилоятидаги Оқтепа сув омбори бўйида майдони 101 гектар бўлган ўрмон массивини барпо этишни ўтган асрнинг 80-йиллари охирида бошлаган. Вилоят экология бошқармаси маълумотларига кўра, ҳудудда 30 га яқин ҳайвон тури ва 500 дан ортиқ дарахт тури, жумладан, Қизил китобга киритилган турлар рўйхатга олинган.

2026 йил июнь ойи бошида шоир ва журналист Фозил Фарҳод Федин ўрмонни тарк этишга мажбур бўлгани, шундан сўнг Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят филиалига тушиб қолгани ҳақида хабар берган эди. Бу нашр жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Шундан сўнг Президент Администрацияси ва Экология миллий қўмитаси вазиятни алоҳида назоратга олди. Қўмита Фединга зарур тиббий ёрдам кўрсатилаётгани, шунингдек, уни ишга жойлаштириш ва муносиб яшаш шароитлари билан таъминлаш масалалари ишлаб чиқилаётганини маълум қилган эди.

Александр Федин 2023 йилда «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони билан тақдирланган. 2025 йил август ойида президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан у «Оқтепа» овчилик хўжалиги раҳбари сифатида «Дўстлик» ордени билан мукофотланган эди.