
Тошкентдаги суд фирибгарлик, безорилик ва баданга оғир шикаст етказиш иши бўйича аввалроқ жазоси енгиллаштирилган Акмал Шукуровга нисбатан ҳукмни яна ўзгартирди. У қайтадан колонияга юборилади, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Олий суди.
2025 йил 24 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди ҳукми билан Шукуровга 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.
2025 йил 9 декабрь куни ишни апелляция инстанциясида кўриб чиқиш чоғида жабрланувчилар маҳкумга нисбатан моддий ва маънавий даъволари йўқлигини билдириб, суддан унга енгилроқ жазо тайинлашни сўрашган. Суд ушбу ҳолатларни, шунингдек, айбга қисман иқрорлик, пушаймонлик ва муқаддам судланмаганини инобатга олган.
Натижада Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси ҳукмни енгиллаштириб, озодликдан маҳрум қилиш жазосини 4 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирган. Ҳибсда сақланган вақтини ҳисобга олганда, ўташ учун 3 йил 3 ой 11 кун озодликни чеклаш жазоси қолган эди.
Ушбу қарор ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Олий суд маълумотларига кўра, Тошкент шаҳар прокуратураси назорат тартибида протест келтириб, апелляция қарорини бекор қилишни сўраган. Протестда, шунингдек, Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича жазони ўзгартириш ҳамда 104-модда (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) ва 277-модда (безорилик) бўйича ҳукмларни ўзгаришсиз қолдириш масаласи қўйилган.
2025 йил 18 декабрь куни жиноят иши Тошкент шаҳар судининг уч нафар судьядан иборат назорат инстанцияси томонидан қайта кўриб чиқилди. Прокуратура протести қаноатлантирилди.
Эълон қилинган қарорга кўра, апелляция инстанциясининг ажрими бекор қилинди ва биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгартирилди. ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а» банди бўйича, етказилган моддий зарар қопланганини инобатга олиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланилган ҳолда Шукуровга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди (бунгача ушбу модда бўйича 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилган эди, аммо зарар қоплангани сабабли жазо енгиллаштирилди).
Шу билан бирга, ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми «э» банди билан тайинланган 5 йил озодликдан маҳрум қилиш ҳамда 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан тайинланган 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазолари ўзгаришсиз қолдирилди.
Тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан Акмал Шукуровга узил-кесил 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ҳибсда сақланган вақтини инобатга олганда, ўташ учун 5 йил 3 ой 12 кун қолди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар судининг ушбу ажрими устидан томонлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига шикоят қилишлари мумкин.
Шукуровнинг жиноят ишида 5 та эпизод кўрсатилган, жумладан, энг шов-шувлиси — 2025 йилнинг март ойида Яккасарой туманидаги The Tower меҳмонхонаси яқинида бир неча кишининг калтакланиши.
Ўша куни Шукуров унинг безорилик ҳаракатларини тўхтатмоқчи бўлган Авакянни мушти билан урган. Жабрланувчи ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари олиб, бош суяги-мия жароҳати билан шифохонага ётқизилган. Унинг яқинлари эркакнинг бош суяги трепанацияси бўйича шошилинч операция қилингани ва шундан сўнг сунъий кома ҳолатида бўлганини маълум қилишган эди.
Воқеадан сўнг Шукуров воқеа жойидан яширинган, бироқ Қозоғистонда қўлга олинган эди.

