
Ўзбекистон Судьялар олий кенгаши 2025 йил март ойида Борис Авакянни аёвсиз калтаклаган Акмал Шукуровнинг ҳукмини апелляция тартибида енгиллаштирган уч нафар судьянинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилганини маълум қилди.
Судьяларнинг исмлари:
- Муҳтарама Маҳамадалиевна Тургунова;
- Одилбек Илҳомжон ўғли Илҳомжонов;
- Мирзиёд Миржололитдинович Абидов.
Олий суд сайтида эълон қилинган жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг қарорида уларнинг исмлари, худди судланувчининг исми каби, яширилган эди.
Бир неча кун аввал кенг жамоатчилик эътирози фонида кенгаш судьяларга нисбатан хизмат текшируви бошланганини хабар қилганди.
Хабарда айтилишича, судьялар одил судловни амалга оширишда қонунийликни бузганликлари учун жазоланган. Улар жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси лавозимидан озод этилди.
Иш ҳақида
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг 2025 йил 24 октябрдаги ҳукми билан Акмал Шукуров фирибгарлик, безорилик ва қасддан баданга оғир шикаст етказиш моддалари йиғиндисига кўра 8 йил-у 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.
2025 йил 9 декабрь куни апелляция инстанцияси жабрланувчиларнинг моддий ва маънавий даъволари йўқлиги ҳақидаги позициясига таяниб, ҳукмни енгиллаштирди ва озодликдан маҳрум қилиш жазосини 4 йил-у 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирди. У суд залидан озод қилинди.
Тошкент шаҳар прокуратураси назорат тартибида протест келтирди. 2025 йил 18 декабрь куни Тошкент шаҳар судининг назорат ҳайъати апелляция қарорини бекор қилди ва жазоларни қисман қўшиш йўли билан Акмал Шукуровга қайтадан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Шу билан бирга, у етказилган зарарни тўлиқ қоплагани сабабли фирибгарлик моддаси бўйича жазо енгиллаштирилди ва шу ҳисобига муддат қисқарди. Ҳибсда сақланган вақтини инобатга олган ҳолда, ўташ учун 5 йил 3 ой 12 кун қолди.
Борис Авакяннинг калтакланиши билан боғлиқ воқеа 2025 йил март ойида пойтахтдаги The Tower меҳмонхонаси яқинида содир бўлган. Тергов маълумотларига кўра, жабрланувчи Шукуровнинг безорилик ҳаракатларини тўхтатмоқчи бўлган ва натижада ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари олган. У бош мия жароҳати билан шифохонага ётқизилган, шошилинч жарроҳлик амалиётини ўтказган ва кома ҳолатига тушган. Воқеадан сўнг Шукуров яширинган, бироқ Қозоғистон ҳудудида қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган эди.

