Судьялар олий кенгаши Акмал Шукуровга нисбатан жазони енгиллатган судьялар фаолиятини текширади

Ўзбекистон Судьялар олий кенгаши Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясида Акмал Шукуровга оид жиноят иши кўриб чиқилиши ҳолатлари юзасидан хизмат текшируви тайинлади. Бу ҳақда суд органи матбуот хизмати хабар берди.

Баёнотда қайд этилишича, текширув ушбу ишнинг ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилиниши ортидан тайинланган. Хизмат текшируви Судьялар олий кенгаши томонидан ўтказилмоқда. Унинг натижалари ҳақида алоҳида хабар берилади.

Акмал Шукуровнинг жиноят иши турли инстанция судлари томонидан бир неча бор қайта кўриб чиқилган. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг 2025 йил 24 октябрдаги ҳукми билан у фирибгарлик, безорилик ва қасддан баданга оғир шикаст етказиш моддалари йиғиндиси бўйича 8 йил-у 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.

2025 йил 9 декабрь куни Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси жабрланувчиларнинг моддий ва маънавий даъволари йўқлиги ҳақидаги важларини инобатга олиб, жазони енгиллатди ва озодликдан маҳрум қилиш жазосини 4 йил-у 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирди. У суд залидан озод қилинди.

Эътиборли жиҳати шундаки, апелляция суди қарорида судья ва ҳайъат аъзоларининг исмлари, шунингдек, судланувчининг исми яширилган. Қайд этиш жоизки, ишни раислик қилувчи судья Одилжон Илҳомжонов ҳамда судьялар Мирзиёд Абидов ва Муҳтарама Турғунова (суд жадвалида ушбу ишга масъул сифатида кўрсатилган) кўриб чиққан.

Кейинчалик Тошкент шаҳар прокуратураси назорат тартибида протест келтирди. 2025 йил 18 декабрь куни Тошкент шаҳар суди назорат инстанцияси апелляция қарорини бекор қилди ва жазоларни қисман қўшиш йўли билан Акмал Шукуровга қайтадан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Шу билан бирга, у зарарни тўлиқ қоплагани сабабли фирибгарлик моддаси бўйича жазо енгиллаштирилиб, муддат қисқартирилди.

Ҳибсда сақланган вақти инобатга олинганда, ўташ учун 5 йил 3 ой 12 кун муддат қолди.

Айнан ишнинг апелляция тартибида кўриб чиқилиши жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.

Иш материалларига кўра, эпизодлардан бири фирибгарлик билан боғлиқ: Шукуров Германиядан учта Mercedes-Benz микроавтобусини етказиб беришни ваъда қилиб, жабрланувчидан йирик миқдорда пул олган, бироқ мажбуриятларини бажармай, маблағларни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган. Кейинчалик унинг оиласи зарарни қоплаган.

Яна бир шов-шувли эпизод Тошкентнинг Яккасарой туманидаги The Tower меҳмонхонаси яқинида фуқаро Борис Авакяннинг калтакланиши билан боғлиқ. Тергов маълумотларига кўра, жабрланувчи Шукуровнинг безорилик ҳаракатларини тўхтатмоқчи бўлган ва натижада ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари олган. У бош мия жароҳати билан шифохонага ётқизилган, шошилинч жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган ва кома ҳолатига тушган.

Воқеадан сўнг Шукуров яширинган, бироқ Қозоғистон ҳудудида қўлга олиниб, кейинчалик Ўзбекистонга экстрадиция қилинган эди.