Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 23/05/2026

Аэродромлар яқинида варрак учириш парвозлар учун хавф туғдиради — Uzbekistan Airports

Uzbekistan Airports компанияси аэропортлар яқинида варрак учириш парвозлар хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

«Варраклар сезиларли баландликка кўтарилиш ва ҳаво кемаларининг учиш ҳамда қўниш ҳудудларига кириб қолиш хусусиятига эга. Бу самолёт билан тўқнашиш, техникага шикаст етказиш ва фавқулодда вазиятларнинг юзага келиши хавфини туғдиради. Бундан ташқари, мустаҳкамланган ёки пишиқ иплар ҳаво кемаларининг жиҳозларига шикаст етказиши ёки двигателларга кириб кетиши мумкин», — дейилади аэропортлар оператори хабарида.

Компанияда қонунчилик нормалари эслатиб ўтилди: «Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексининг 17-моддасига мувофиқ, ҳаво кемалари ва уларнинг бортидаги одамлар хавфсизлигига таъсир қилиши мумкин бўлган ҳар қандай фаолият парвозлар хавфсизлигига таҳдид соладиган фаолият сирасига киради. Аэродром ҳудудида варрак учириш ҳам шундай хавфлар тоифасига киради».

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 116-2-моддасига кўра, ҳаво бўшлиғидан рухсатсиз фойдаланиш БҲМнинг 20 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

«Авиация ҳодисаси ёки ҳалокати юз берган тақдирда, оддий эрмак жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкин», — деб қайд этди Uzbekistan Airports.

Пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари чекловларга риоя қилишга ҳамда ҳордиқ чиқариш учун аэропортдан узоқда бўлган хавфсиз жойларни танлашга чақирилди.