Абу-Даби Ўзбекистон билан визасиз тартибни қайта кўриб чиқиши мумкин

Дубайда йўл ҳаракати қоидаларини бузганликда гумон қилинаётган 15 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақида Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликлардан иборат икки жиноий гуруҳ ўртасида тўқнашув бўлиб ўтгани, натижада бир киши пичоқланиб ҳалок бўлгани, яна бири кома ҳолатига тушгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Ушбу ҳолат юзасидан аниқ маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон дипломатлари Дубай жиноят қидирув бошқармаси раҳбарлари билан учрашди. Маълум қилинишича, воқеа юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бошқармада таъкидланишича, сўнгги пайтларда Ўзбекистон фуқаролари томонидан қонунбузарлик ҳолатларининг кўпайиши икки мамлакат ўртасидаги визасиз тартибга таъсир кўрсатиши мумкин.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳолат бўйича тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилмоқда.

«Ўзбекистон фуқароларини хорижда ватандошларимиз шаънига доғ туширадиган хатти-ҳаракатлардан тийилишга чақириб қоламиз», — дейилади ТИВ баёнотида.