Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 07/08/2025

Ўзбекистон ДХХ Россиядаги меҳнат муҳожирлари орасида «А.У.Е.» субкультурасининг таъсири ортаётганидан огоҳлантирди

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ёшлар ва меҳнат муҳожирлари, айниқса, Россиядагилар орасида жиноий субкультуралар, хусусан, «А.У.Е.» ҳаракатининг таъсири ортаётгани ҳақида огоҳлантириш эълон қилди.

«А.У.Е.» ўзи нима?

«А.У.Е.» («Арестантский уклад един» — «маҳбуслар тузуми ягона») — бу Россияда пайдо бўлган, «ўғрилар қонунлари»ни идеаллаштирадиган ва қамоқхона маданиятини оддий ҳаётга татбиқ этишга интиладиган ҳаракат. 2020 йилда Россия Федерациясида бу ҳаракат экстремистик ташкилот деб топилиб, тақиқланган. Унда иштирок этиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Нега Ўзбекистон фуқаролари огоҳ бўлишлари керак?

ДХХ маълумотларига кўра, «А.У.Е.» таъсири хорижда ишлаётган ўзбекистонликларга ҳам тарқалмоқда. Қайд этилишича, сўнгги йилларда бир неча Ўзбекистон фуқароси Россияда мазкур гуруҳ фаолиятини қўллаб-қувватлагани ёки унда иштирок этгани учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бу нафақат уларнинг ўзларига, балки ўзбекистонликларнинг обрўсига ҳам салбий таъсир кўрсатади, дея таъкидлади ДХХ.

«А.У.Е.» қандай тарғиб қилинади?

Ушбу тузилмага жалб қилиш, қоида тариқасида, интернет орқали — ижтимоий тармоқлар, чатлар ва видео платформаларда содир бўлади. Унинг вакиллари меҳнат муҳожирларига «братва», «общак», «понятиялар бўйича қонун» каби тушунчалар орқали таъсир ўтказишга уринади.

«„А.У.Е.“да иштирок этиш шунчаки „ишдан кейин дўстона суҳбатлар“ эмас. Бу ҳаракат билан алоқа инсонни жиноий фаолиятга тортиб кетади», — дея таъкидлади ДХХ.

Иштирокчиларга қандай оқибатлар хавф солади?

Россия қонунчилигига кўра, «А.У.Е.» фаолиятида иштирок этиш учун:

  • 300 мингдан 600 минг рублгача жарима;
  • бир йилгача озодликдан маҳрум этиш;
  • бир йилдан тўрт йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
  • 2 йилдан олти 6 озодликдан маҳрум этиш жазолари кўзда тутилган.

Бундан ташқари, меҳнат муҳожири учун бу ишдан айрилиш ва депортацияга ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Шу муносабат билан ДХХ ўсмирларнинг ота-оналари ва меҳнат муҳожирларини фарзандларининг мулоқот доирасига алоҳида эътибор беришга, уларнинг жиноий жамоаларга аралашиб қолганлик белгиларига эътибор қаратишга ва ўз хавфсизлигига бефарқ бўлмасликка чақиради.

«„А.У.Е.“ нафақат Россия, балки хорижда ишлаётган юртдошларимиз учун ҳам реал хавфдир. Ҳурматга жиноятлар ва „ўғрилар қонунлари“ орқали эмас, балки ҳалол меҳнат ва оилавий бахт орқали эришиш керак. Нафақат фарзандларингизни, балки ўз келажагингизни ҳам жиноий тузилмалардан асранг. Огоҳ бўлинг!» — дейилади ДХХ хабарида.