Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 15/12/2025

Ўзбекистонда илк бор етти ойлик чақалоққа жигар кўчириб ўтказилди

Миллий болалар тиббиёт марказида Ўзбекистон тарихида илк бор 7 ойлик беморга жигар трансплантацияси амалиёти ўтказилди, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Марказ аввал ҳам болаларга суяк илиги ва жигар трансплантациясини, лапароскопик буйрак кўчириш ва периферик қондан ўзак ҳужайраларини олиш амалиётларини ўтказган. Бироқ бир ёшдан кичик беморларга бундай операциялар қилинмаган эди.

«Бу нафақат Миллий болалар тиббиёт маркази, балки бутун Ўзбекистон тиббиёти учун янги тарих. Кўкрак ёшидаги болаларга бундай юқори технологик операцияларни ўтказиш — фақатгина чекланган давлатлар сонида мавжуд бўлган амалиёт», — дея тушунтирди Миллий болалар тиббиёт маркази директори Бахтиёржон Умаров.

Хоразм вилояти Гурлан туманидан бўлган боланинг онаси Мағфура Аминова жигар донори бўлди. У дастлаб трансплантация учун текширувлар ва мослик синовидан ўтказилди, шундан сўнг чақалоққа унинг жигарининг бир қисми — иккита сектори кўчириб ўтказилди.

Шифокорларнинг сўзларига кўра, онанинг соғлиги тўлиқ тикланган, у шифохонадан чиқарилган. Боланинг аҳволи ҳам қониқарли, яқин вақт ичида уни ҳам чиқаришга тайёрлашмоқда.

Мамлакатда биринчи марта катта ёшли беморга қариндош-донордан жигар 2018 йил февраль ойида кўчириб ўтказилган эди. Операция академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия тиббиёт марказида ўтказилган.