Сўмнинг мустаҳкамланиши қарзга хизмат кўрсатишда қарийб 5 трлн сўмни тежаш имконини берди

2025 йилда сўм курсининг мустаҳкамланиши ижобий макроиқтисодий тенденцияларни шакллантиришнинг асосий омилларидан бири бўлди. Бу ҳақда Марказий банк раиси Тимур Ишметов 2025 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

«Энди сўмнинг мустаҳкамланишининг ижобий томонлари ҳақида. Миллий валюта курсининг мустаҳкамланиши туфайли сўмга бўлган ишонч ошди, бу эса бир қатор ижобий макроиқтисодий тенденцияларга олиб келди», — деди.

Марказий банк раҳбарининг сўзларига кўра, банк тизимидаги миллий валютадаги нақд пул ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 34% га ошиб, 271 трлн сўмга етди. Бу сўмдаги ҳисоб-китоблар ва жамғармаларнинг ўсиши билан боғлиқ.

Ишметов: «Таҳлиллар шуни кўрсатадики, аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари 11% гача пасайди, 2025 йил бошида эса бу кўрсаткич 12,3% атрофида эди. Шу билан бирга, валюта курсининг кутилмаларни шакллантиришга таъсири икки баравар қисқарди», — дея қайд этди.

Бундан ташқари, банк тизимидаги долларизация даражаси пасайишда давом этмоқда ва бу жараён тезлашди:

  • кредитлар бўйича — 41% дан 37% гача,
  • депозитлар бўйича — 26% дан 23% гача.

Бу, Ишметовнинг сўзларига кўра, импорт қилинадиган инфляциянинг секинлашишига ёрдам берди. Хусусан, товар гуруҳлари бўйича инфляция 6,1% гача секинлашди.

Шунингдек, сўмнинг мустаҳкамланиши ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатларини камайтириш имконини берди. «Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, давлат қарзи бўйича 1,3 трлн сўм, корпоратив қарз бўйича эса 3,6 трлн сўм (жами қарийб $400 млн) тежашга муваффақ бўлинди», — дея маълум қилди Марказий банк раиси.

Унинг сўзларига кўра, бу макроиқтисодий трендлар сўмга бўлган ишончни мустаҳкамлашга, миллий валютадаги активларнинг жозибадорлигини оширишга ва умуман олганда, макроиқтисодий барқарорликка ижобий таъсир кўрсатишга хизмат қилмоқда.

Ишметов, шунингдек, ташқи савдо операциялари таҳлили шуни кўрсатганини маълум қилди: экспорт товарларининг 15% (тахминан 3 млрд доллар) ва импорт товарларининг 40% (тахминан 4 млрд доллар) алмашув курси тебранишларига сезгир.

«Шу билан бирга, товарлар экспортига нафақат курс, балки ташқи бозорлардаги нархлар конъюнктураси, ишлаб чиқариш самарадорлиги, импорт қилувчи мамлакатлардаги тариф ва нотариф чекловлар, шунингдек, бозорлардаги рақобат даражаси ҳам таъсир қилади», — дея таъкидлади Марказий банк раҳбари.

2025 йил биринчи ярим йиллик якунларига кўра, Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзи $72,2 млрд.га етди, бу олти ой ичида $8,1 млрд.га ўсган. Асосий ўсиш корпоратив сектор ҳиссасига тўғри келди (компаниялар қарзи). 2020 йилга нисбатан давлат қарзи 72% га, хусусий қарз эса қарийб 3 баравар ошган.