Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 03/07/2026

Ўзбекистонда 2026 йил 1 июлдан пенсия ва нафақалар ошди, 1 сентябрдан эса иш ҳақи ва стипендиялар кўтарилади

Ўзбекистон президенти 2026 йил 23 июнда иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди.

2026 йил 1 июлдан бошлаб пенсия ва нафақалар, шу жумладан болалар нафақалари ҳамда Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга бериладиган тўловлар 7 фоизга ошди:

  • ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори 983 минг сўм этиб белгиланди (бунгача — 918 минг сўм эди);
  • ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори — 1,083 млн сўм (1,012 млн сўм);
  • пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 504 минг сўм (471 минг сўм).

Кам таъминланган оилалардаги ойлик болалар нафақаси миқдори қуйидагича бўлди:

  • 3 ёшгача бўлган бола учун — 386 минг сўм (бунгача — 360 минг сўм эди);
  • 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган бола учун — 295 минг сўм (275 минг сўм);
  • иккинчи бола учун — 177 минг сўм (165 минг сўм);
  • учинчи ва ундан кейинги болалар учун — 118 минг сўм (110 минг сўм).

Кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам ойига 450 минг сўмни (420 минг сўм) ташкил этди.

2026 йил 1 сентябрдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва талабаларнинг стипендиялари ҳам 7 фоизга ошади.

2026 йил 1 сентябрдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1,36 млн сўмни ташкил этади (ҳозирда — 1,271 млн сўм). Базавий ҳисоблаш миқдори (йиғимлар, жарималар, божлар ва бошқа белгиланган тўловларни аниқлаш учун қўлланиладиган БҲМ) 412 минг сўмдан 440 минг сўмгача ошади.

Иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақаларнинг бундан аввалги оширилиши 2025 йилда амалга оширилган эди. Ўшанда 1 июлдан пенсия ва нафақалар 10 фоизга, 1 августдан эса бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар 10 фоизга оширилган эди.