2025 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда қурилиш соҳасида эскроу-ҳисоблар тизимига ўтиш бошланади. Буни президентнинг 2025 йил 27 январдаги фармонида белгиланган.
Тасдиқланган режага кўра, 2025 йил 1 июлдан 2025 йил 31 декабрга қадар улушдорларнинг маблағларини жалб қилиш ҳам эскроу-ҳисоблар орқали, ҳам амалдаги тўғридан-тўғри маблағ жалб қилиш механизми орқали амалга оширилади.
Бироқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб қурилишни молиялаштиришнинг ягона усули сифатида эскроу-ҳисоблар тизими жорий этилади.
Марказий банк Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда уч ой муддат ичида улушли қурилишни лойиҳавий молиялаштиришда иштирок этиш имкониятига эга банклар рўйхатини тасдиқлаши топширилган. Шунингдек, эскроу-ҳисобларни юритиш қоидалари, банкларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда маблағларнинг ишлатилишини назорат қилиш механизмлари ишлаб чиқилади.
Тизимни самарали жорий этиш учун бир ой муддат ичида қурилиш объектларини лойиҳавий молиялаштириш, улушли иштирок шартномаларини тузиш ва эскроу-ҳисоблар билан боғлиқ операциялар учун масъул бўлган банк ходимлари учун хорижда малака ошириш курслари ташкил этилади.
Шунингдек, улушли иштирок асосида қурилиш объектларини барпо этиш, эскроу-ҳисобларни юритиш ва лойиҳавий қурилиш тартибини жорий этиш бўйича Республика комиссияси тузилади. Унга бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров раҳбарлик қилади. Комиссия раҳбари ўринбосарлари сифатида Марказий банк раиси Тимур Ишметов ва қурилиш ва коммунал хўжалик вазири Шерзод Ҳидоятов тайинланди.
Комиссиянинг вазифалари қуйидагиларни ўз ичига олади:
- давлат органлари, маҳаллий ҳокимликлар ва ташкилотларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишдаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
- улушли қурилишни ривожлантириш чораларини ишлаб чиқиш ва унинг самарадорлигини мониторинг қилиш;
- эскроу-ҳисобларни юритиш ва тижорат банклари орқали қурилиш компанияларига кредит ажратилишини назорат қилиш;
- қурилиш муддатларининг кечикишини таҳлил қилиш ва муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлаш;
- давлат органларининг улушли қурилиш ва лойиҳавий молиялаштиришни амалга ошириш бўйича ҳисоботларини тайёрлаш.
Президент 2024 йил сентябрь ойида аҳоли маблағларини ҳимоя қилишни кафолатлайдиган тизимни ишлаб чиқишни топширган эди.
2024 йил декабрь ойидаги тақдимотда уй-жой бозорида талабнинг ошиши фонида виждонсиз тадбиркорлар пайдо бўлгани қайд этилган эди. Тўловлар тизимининг тартибга солинмагани, рақамлаштириш ва шаффофликнинг йўқлиги суиистеъмолчилик учун шароит яратади. Кўплаб фуқаролар янги уй-жой учун маблағларни тўғридан-тўғри қурилиш компанияларига топширмоқда, бу эса яширин иқтисодиётнинг ўсишига ҳисса қўшмоқда.
Кўп ҳолларда, уй-жойни топшириш муддатлари узоққа чўзилади, улушдорлар томонидан киритилган маблағлар эса музлатиб қўйилади. Улушли иштирок шартномалари кўпинча расмий рўйхатга олинмайди ва фақат виждонсиз қурилиш компанияларнинг манфаатларига хизмат қилади.
Қурилиш вазири Шерзод Ҳидоятовнинг айтишича, Ўзбекистонда эскроу-ҳисоблар тизимини жорий этишда Россия тажрибаси ўрганилган. Кейинроқ, Россиянинг “ДОМ.РФ” давлат компанияси Ўзбекистонда эскроу-ҳисоблар тизимини жорий этишда иштирок этиши мумкинлиги маълум бўлди. Компания вакиллари билан Тошкентнинг Сергели туманидаги лойиҳани тест режимида амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилган.
Вазирнинг сўзларига кўра, хорижий тажрибада ўзини оқлаган эскроу тизими жорий этилади. Бу моделга кўра, ҳар бир қурилиш объекти учун тижорат банкида буюртмачи ва банк ўртасидаги шартнома асосида эскроу-ҳисоб очилади. Уй-жой учун тўловлар ушбу ҳисоб орқали амалга оширилади.
Эскроу-ҳисобда тўпланган маблағлар ҳисобидан тижорат банклари буюртмачига пасайтирилган ставка бўйича кредитлар ажрата олади. Қурилиш якунланганидан сўнг, эскроу-ҳисобдаги маблағлар қурилиш ташкилотининг ҳисоб рақамига ўтказилади. Агар қурилиш компанияси ўз мажбуриятларини бажара олмаса, ушбу маблағлар улушдорларга қайтарилади. Эскроу-ҳисобдаги маблағлар мусодара қилинмайди.
Шерзод Ҳидоятов: “Одамлар ўз маблағларини бевосита қурувчи ташкилотга эмас, балки банкка топширади. Банк эса бу маблағларни ишончли девелоперга йўналтиради, қурилиш компанияси 30% ишларни ўз маблағлари ҳисобидан бажаради, қолган 70% маблағни эса банк фақат ушбу уйни қуриш учун ажратади. Буюртмачилар маблағларни бошқа мақсадларга ишлата олишмайди. Улар маблағларни фақатгина шу объектни қуришга ва фойдаланишга топширишда ишлатиши мумкин. Қурилиш якунланганидан сўнг, эскроу тизими орқали фойдани бошқа мақсадларга йўналтириш имкониятига эга бўлади”, — деди.