2024 йилда 3300 нафардан ортиқ ҳайдовчи ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузгани учун судланди

2024 йилда Ўзбекистонда Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситаларидан фойдаланиш ёки ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш натижасида ўртача ёки оғир тан жароҳати, ўлим ёки бошқа оғир оқибатлар юзага келиши) бўйича 3321 нафар ҳайдовчи судланди. Бу ҳақида Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Абидов маълум қилди.

Шулардан 917 нафар шахс озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган, 2404 нафар шахс эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар олган.

2025 йилнинг биринчи чорагида Жиноят кодексининг 266-моддаси бўйича судланганлар сони 891 нафарни ташкил этди. Улардан 173 нафари озодликдан маҳрум қилинган, 718 нафари эса озодликдан маҳрум қилмасдан бошқа жазоларга ҳукм қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йили мамлакатда 9364 та расмий йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Натижада 2203 киши ҳалок бўлган ва 8901 киши жабрланган.