
Ўзбекистонда ҳайдовчилар 2024 йил апрелида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик ҳақида оммавий тарзда хабарномалар олмоқда. Бу ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар пайдо бўлди
«Gazeta.uz» ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати раҳбари Зоир Мирзаевга изоҳ сўраб мурожаат қилди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳолат серверлар янгиланиши билан боғлиқ.
«ЙҲХББ электрон маълумотлар базасида айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар акс этмаган. Серверлар янгиланганидан сўнг, мазкур ҳуқуқбузарликлар бўйича қарорлар кўрина бошлади. Бу автоматлаштирилган тартибда (камера ва радарлар орқали) қайд этилган қоидабузарликларга тааллуқли», — деди у.
Идора вакилининг таъкидлашича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 36-моддасига кўра, маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб бир йил ўтганидан кейин қўлланилмаслиги лозим. Шу сабабли, ушбу жарималар ҳақидаги қарорлар қонуний равишда юборилмоқда.
Бир йилдан ортиқ вақт олдин қайд этилган, лекин ўз вақтида юборилмаган ҳуқуқбузарликлар бўйича қарорлар расмийлаштирилмайди, чунки бу қонунга зид ҳисобланади.
Зоир Мирзаев маълум қилишича, бир ҳафта давомида маълумотлар базасида ҳуқуқбузарлиги аниқланган барча ҳайдовчиларга хабарномалар юборилади.
У таъкидлашича, қарор юборилган кундан бошлаб 15 кун ичида жарима тўланса — 50%, 30 кун ичида тўланса — 30% чегирма қўлланилади.
Қанча ҳайдовчи бундай хабарнома олиши мумкинлиги аниқ эмас.