2024 йилда Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзи 64,1 миллиард долларга етиб, ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 55,7% ни ташкил этди (2023 йил якунига кўра бу кўрсаткич 51,9% эди). Бу ҳақида Марказий банкнинг ўтган йил якуни бўйича тўлов баланси, халқаро инвестиция позицияси ва ташқи қарз бўйича нашрида келтирилган.
Ташқи қарз давлат ва хусусий қарздан иборат. Бироқ «хусусий» сектор асосан давлат улушига эга бўлган компания ва банклардан ташкил топган. Давлат банк секторидаги улуши 65% га яқинни ташкил этади, шунингдек, UzAuto Motors, «Ўзбекнефтгаз», НБУ, «Ўзпромстройбанк» каби йирик корхоналарга эгалик қилади ёки улушга эга. Бу компаниялар сўнгги йилларда миллиардлаб долларлик облигация чиқарган.
Йил давомида жами ташқи қарз 10,8 миллиард долларга ошди. Бу 2013 йилдан бери олиб борилаётган статистикадаги энг юқори ўсиш кўрсаткичи ҳисобланади. Сўнгги марта ташқи қарз пандемия давридаги 2020 йилда ($9,2 млрд) ва 2023 йилда ($9,8 млрд) шунчалик юқори суръатларда ўсган эди.
Корпоратив (хусусий) қарз $6,6 млрдга ошиб, $30,2 млрд (ЯИМга нисбатан 26,2%) га етди, давлат ташқи қарзи эса $4,2 млрдга ошиб, $33,9 млрд (ЯИМга нисбатан 29,5%) ни ташкил қилди.
Охирги саккиз йил ичида ташқи қарз 4,4 баробарга ошиб, 14,7 миллиард доллардан 64,1 миллиард долларга етди. 2016 йилда хусусий қарз 8,2 миллиард доллар бўлган бўлса, ҳозирда 3,9 баробарга ошган. Давлат қарзи эса шу даврда 6,5 миллиард доллардан 5,2 баробарга ўсган.
Сўнгги йилларда давлат ташқи қарзи ўсиш суръати бироз секинлашган, бироқ корпоратив (хусусий) қарз сезиларли даражада ошган. Бироқ бу корпоратив қарз асосан давлат банклари ва давлат улушига эга компаниялар томонидан жалб қилинмоқда.
S&P рейтинг агентлиги аввалроқ огоҳлантирганидек, давлат кафолатламаган давлат корхоналари ва давлат-хусусий шериклик)ё қарзи 2023 йилда ЯИМнинг 8% ни ташкил этган ва у ҳукумат балансида акс этиши мумкин. Охирги йилларда давлатга алоқадор корхоналар жуда катта миқдорда, айниқса, чет эл валютасида қарз жалб қилган. Бу маблағлар асосан энергетика ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун олинган. Аммо таҳлилчилар фикрича, баъзи лойиҳалар кутилганидек самара бермаса ёки бошқарув ва назоратда хатолар кузатилса, бу корхоналар қарзни қайтаришда муаммоларга дуч келиши мумкин.
Жами ташқи қарз тузилмаси ва динамикаси ҳақидаги батафсил маълумот Марказий банк томонидан охирги марта 2022 йилнинг биринчи чораги якуни бўйича эълон қилинган эди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги давлат қарзи ҳақидаги сўнгги расмий муносабатини 2022 йил натижалари бўйича берган. Ўша маълумотда жалб қилинган қарз шартномалари рўйхати, сумма ва кредит ставкалари, кредиторлар, лойиҳа номи, тўлов муддати ва масъул вазирликлар кўрсатилган эди. Ўшандан буён бундай батафсил маълумотлар эълон қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил якунлари бўйича Ўзбекистон давлат қарзи (ички давлат қарзи ҳам қўшилганда) $5,3 миллиардга ошиб, 40,2 миллиард долларга етди. Бу маблағлар асосан давлат бюджетига қўллаб-қувватлаш мақсадида жалб қилинган. Энг йирик кредитор сифатида Жаҳон банки қолмоқда.