2024 йил кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил бўлди

2024 йил кузатувлар тарихи давомидаги энг иссиқ йил бўлиб, ўртача глобал ҳарорати саноатгача бўлган кўрсаткичлардан 1,5 даражадан юқорига кўтарилган биринчи календарь йили сифатида қайд этилди, деб хабар бермоқда BBC News Европа иқлим ўзгаришлари бўйича Copernicus хизматига асосланиб.

Copernicus маълумотларига кўра, ўтган йили ўртача глобал ҳарорати саноатгача бўлган 1850–1900 йиллар даврига нисбатан 1,6 даражага ошган. Бу даврда одамлар катта миқдорда СО2 (карбонат ангидрид гази) чиқарувчи ёқилғиларни кўп миқдорда истеъмол қилмаган.

2024 йил кўрсаткичлари 2023 йилда ўрнатилган рекорддан ошиб кетди. Ўшанда ўртача ҳарорат 1,48 даражага ошган эди. Шу тариқа, охирги ўн йиллик кузатувлар тарихи давомидаги энг иссиқ давр бўлди, дейди климатологлар.

2024 йил ҳаво ҳарорати 1.6 градусга кўтарилган

Саноатгача бўлган давр билан солиштирилганда йиллар бўйича ўртача глобал ҳарорат. BBC инфографикаси.

Экспертларнинг фикрича, ўтган йилдаги иссиқлик асосан инсон фаолияти билан боғлиқ бўлган, табиий об-ҳаво шароитлари, масалан, Эль-Ниньо, эса камроқ таъсир кўрсатган.

«Шубҳасиз, иқлим ўзгаришига атмосферадаги иссиқхона газларининг концентрацияси катта таъсир кўрсатади», — деди Copernicus директори ўринбосари Саманта Бёрджесс.

Бир йиллик ўртача глобал ҳароратининг 1,5 даражадан ошиб кетиши Париж келишуви кўрсаткичларини бузилишини англатмайди, деб тушунтиради BBC News. Париж келишувланинг бузилиши учун ҳарорат 20 йил давомида 1,5 даража ёки ундан юқори даражада сақланиши керак.

«1.5 даража узоқ муддатли чегарасини қачон аниқ кесиб ўтамиз, айтиш қийин, аммо ҳозир биз бу чегарага жуда яқинмиз», — деди климатолог ва Оксфорд университети профессори Майлз Аллен.