Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 06/09/2025

Чегара қўшинлари икки нафар қирғизистонликнинг ўлимини тасдиқлади

Қирғизистоннинг бир қатор онлайн ОАВлари 2025 йил 1 сентябрь куни мамлакат чегара хизматига таяниб, Ўзбекистон чегарачилари икки нафар қирғиз фуқаросини отиб ўлдиргани ҳақида хабар берган эди. 25 август куни Қирғизистоннинг ҳуқуқ-тартибот органларига Чатқол туманининг Айғир-Жол қишлоғида икки фуқаронинг ғойиб бўлгани ҳақида ариза келиб тушган.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари 2025 йил 4 сентябрь куни вазиятга изоҳ берди.

Уларнинг маълумотларига кўра, 2025 йил 15 август куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Угом-Чотқол қўриқхонаси яқинида чегара ҳудудида икки номаълум шахс пайқалган.

«Чегара наряди ўз ваколатлари доирасида уларни тўхташни талаб қилган, бироқ қоидабузарлар яширинишга уринган. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, уларни тўхтатиш учун ҳавога бир неча марта огоҳлантирувчи ўқ узилган», — дейилади Чегара қўшинлари хабарида.

Бироқ, баёнотда қайд этилишича, номаълум шахслар чегарачиларнинг талабларига бўйсунмай, давлат чегараси томон ҳаракатланишда давом этган.

«Шундан сўнг охирги чора сифатида уларга нисбатан қурол қўлланилган. Натижада улар жароҳат олган ва ҳарбий хизматчилар томонидан кўрсатилган биринчи тиббий ёрдамга қарамасдан, воқеа жойида вафот этган», — дея маълум қилди Чегара қўшинлари.

Ҳудудни кўздан кечириш чоғида битта чодир, 3 та от, озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, яширинишга муваффақ бўлган учинчи шахснинг излари топилган.

Ўша куниёқ Қирғизистон ва Қозоғистоннинг чегара идоралари (Бўстонлиқ тоғларида уч мамлакат чегараси туташади) вазиятдан хабардор қилинди.

2025 йил 31 август куни вафот этганлар Қирғизистон фуқаролари эканлиги аниқланиб, уларнинг жасадлари қариндошларига топширилган.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара идоралари раҳбарияти ўртасидаги келишувга асосан 2025 йил 2-3 сентябрь кунлари воқеа жойи биргаликда текширилди.

«Текширув натижаларига кўра, чегара нарядининг ҳаракатлари Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ амалга оширилгани, Қирғизистон фуқаролари давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтгани, учинчи шахс эса яшириниб, Қирғизистон ҳудудига қайтиб кетгани тасдиқланди. Унинг шахсини аниқлаш ва зарур чораларни кўриш бўйича келишувга эришилди», — дейилади Чегара қўшинлари баёнотида.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида томонлар чегара ҳудуди аҳолиси ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш, шунингдек, мураккаб тоғли чегара участкаларини қўриқлашда ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олди.