«Навоий» постида Ўзбекистонга 180 та iPhone смартфони олиб киришга уриниш тўхтатилди

Тошкент вилояти Божхона қўмитаси бошқармаси матбуот хизматининг хабар беришича, Қозоғистон билан чегарадаги «Навоий» чегара постида божхона ходимлари катта миқдордаги уяли телефонларни ноқонуний олиб киришга уринишни бартараф этди.

Қозоғистондан чегарани пиёда кесиб ўтаётган 4 нафар фуқаро қўлга олинди. Божхона кўриги давомида уларнинг кийимлари остида бел қисмида, шунингдек, қўл юкларида синчковлик билан яширилган 180 та iPhone смартфони борлиги аниқланди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, олиб қўйилган қурилмаларнинг умумий қиймати тахминан 1,1 миллиард сўмни ташкил этади.

Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширувлар олиб борилмоқда.