Ўзбекистон бўйлаб жиноятларга қарши кўламли тадбирлар ўтказилди

2025 йил 15 апрелдан 15 майгача бутун Ўзбекистон бўйлаб «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилди. Мақсад – «жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва мамлакатдаги криминоген вазиятни барқарорлаштиришнинг самарали тизимини яратиш», дея хабар берди ИИВ матбуот хизмати.

Тадбирлар «республикадаги криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган шахсларни аниқлаш, уларнинг фаолиятини чеклаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли тинчлигини таъминлаш, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйишни» ўз ичига олди.

Бу тадбирлардан аввал Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан январ ойида ўтказилган экспериментал «Хавфсиз ва соғлом пойтахт» тезкор-профилактик ойлиги ўтказилган ва ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг сўзларига кўра, юқори самарадорликни кўрсатган эди. Тадбирларда ИИВдан ташқари, Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳам иштирок этди.

Тунги вақтда жамоат тартибини сақлаш мақсадида 10 та тармоқ хизматларидан иборат гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди. Бир ой ичида, хабар қилинишича, жиноятлар, кўчаларда ва жамоат жойларида безорилик ҳолатлари сони 25,6% га камайишига эришилди.

Тадбирлар давомида совуқ қурол олиб юрган 17 мингдан ортиқ шахс аниқланиб, улардан жами 17360 дона шундай буюм олиб қўйилди.

Автомобилларни очиқ қолдирган, шунингдек, велосипед ва болалар аравачаларини қаровсиз қолдирган 55 329 нафар фуқарога тушунтириш ишлари олиб борилиб, огоҳлантириш берилди.

Ўғирликларнинг олдини олиш мақсадида турли ташкилотларнинг 87 704 нафар қўриқчиси фаолияти текширилди ва аниқланган камчиликлар бўйича тақдимномалар киритилди.

Кўнгилочар муассасаларда профилактик тадбирлар, тунги рейдлар ўтказилди, криминоген вазият нобарқарор бўлиб қолаётган чегараолди ҳудудлардан вилоят марказларига олиб борувчи асосий йўлларда кўчма патруль гуруҳлари фаолияти ташкил этилди, дея хабар берди Шоҳрух Ғиёсов.

Профилактика инспекторлари жиноят содир этиб, тергов ва суд органларидан яшириниб юрган 100 дан ортиқ қидирувдаги шахсларни аниқлади.

Майда безорилик содир этган 10 мингдан ортиқ шахс аниқланди.

10 мингдан ортиқ ўрта таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда ташкил этилган тадбирларда «ҳуқуқбузарликлар ва уларнинг оқибатлари бўйича кенг кўламли тарғибот ишлари» олиб борилди. ИИВ матбуот хизмати қайд этганидек, ўтказилган профилактик тадбирлар натижасида олди олиниши мумкин бўлган жиноятлар сони 36% га, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар эса 20% га камайишига эришилди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати 190 мингдан ортиқ йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқлади. 67 мингдан ортиқ транспорт воситаси жарима майдончаларига жойлаштирилди.

3000 дан ортиқ ҳайдовчининг маст ҳолатда транспорт воситасини бошқарган ҳолатлари аниқланди. 1900 дан ортиқ ҳайдовчи ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаганлиги учун жавобгарликка тортилди.

48 мингдан ортиқ киши тегишли ҳужжатларсиз транспорт воситасини бошқарган.

700 дан ортиқ ҳайдовчи сирена ва мигалка каби ноқонуний жиҳозларни ўрнатган.

Шунингдек, бир ой давомида ЙҲХХ вакиллари 113 мингдан ортиқ тарғибот-ташвиқот тадбирлари, 40 мингдан ортиқ профилактик суҳбатлар ўтказгани ва ҳайдовчилар орасида 126 мингдан ортиқ буклет тарқатгани хабар қилинмоқда.

Қўриқлаш бўлинмаларининг тезкор ҳаракатланиш гуруҳлари хавотирли сигналлар бўйича 950 маротаба ҳодиса жойларига чиқиб, қўриқланаётган объектларда жамоат тартибининг бузилишини олдини олдилар. Жами 1837 та маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланди.

Аҳоли саломатлигини таъминлаш бўйича соғлиқни сақлаш тизими мутахассислари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар натижасида 11 906 нафар шахс мажбурий даволашга, 37 минг нафар шахс мастлик ҳолатидан чиқариш марказларига, қаровсиз ва назоратсиз қолган вояга етмаганлар учун 2232 нафар шахс марказларга, 571 нафар шахс эса тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш ҳамда соғлиғини тиклаш учун реабилитация марказларига жойлаштирилди.

«„Хавфсиз ва соғлом юрт“ тадбири, биринчи навбатда, минглаб ёшларимизга тўғри йўлни танлашда ва келажакда билмасдан гиёҳвандликка тушиб қолишнинг олдини олишда жуда катта ёрдам бермоқда. Гап шундаки, ёшларимиз орасида психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи препаратлар ва синтетик гиёҳванд моддалар, гўёки ҳеч қандай зарарли оқибатларга эга эмас ва барча муаммоларни ҳал қила олади деган нотўғри тасаввур мавжуд. Шунингдек, бу моддалар салбий оқибатларсиз энергия беради ва уларни бир марта истеъмол қилиб, яна қайтиб келмаслик хавфи йўқ деган нотўғри тушунча ҳам бор. Шу муносабат билан, бундай тадбирлар ўтказилганидан сўнг ёшларимиз гиёҳвандлик моддалари нима эканлигини, уларнинг зарарли ва салбий оқибатлари қандай эканлигини тушуна бошлаши, бу уларга тўғри қарор қабул қилишда ёрдам бериши муҳим», — дейилади ИИВ матбуот хизмати материалида.

Бир ой давомида ноқонуний муомаладан жами 334 кг 266 г гиёҳвандлик воситалари, 68 429 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари, 91 493 дона гиёҳванд модда сақловчи ўсимликлар олиб қўйилди. Хусусан, ноқонуний айланмасига чек қўйилган: 640 г героин, 124 кг 371 г опий, 94 кг 759 г гашиш, 52 кг 26 г марихуана, 39 кг 548 г опий кўкнор ва 22 кг 899 г синтетик гиёҳвандлик воситалари.

«Ойлик доирасида интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали фаолият юритувчи наркодўконлар, уларнинг администраторлари ва операторлари, шунингдек, гўёки “кладмен”лар ва гиёҳванд моддаларни жойлаштирувчи шахслар фаолиятини аниқлаш ва уларга чек қўйиш бўйича тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилди. Хусусан, 75 та ҳолатда жойлаштирувчилар билан боғлиқ ҳолатлар аниқланиб, улардан 100 кг дан ортиқ гиёҳвандлик воситалари олиб қўйилди. Бундан ташқари, 3600 дан ортиқ наркограффити аниқланиб, йўқ қилинди. Шунда 8 нафар шу ёзувларни ёзган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилди», — дея хабар берди Шоҳрух Ғиёсов.

Ўтказилган тадбирлар натижасида 2846 та маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича белгиланган тартибда чоралар кўрилди, гумонланувчи сифатида ушланган 779 нафар шахсга нисбатан 2202 та жиноят иши қўзғатилиб, улар қамоққа олинди.

Тадбирлар давомида ушланган шахслар ва жиноий гуруҳлардан 113 дона пневматик қурол, 99 дона ов қуроли, 1021 та патрон, 2452 дона совуқ қурол олиб қўйилди. Жами 880 нафар қидирувдаги шахс, яъни тергов ва суд органларидан яшириниб юрганлар ушланди. Бедарак йўқолган 383 нафар шахс топилди.

Турли хизматларнинг биргаликдаги фаолияти ва ишнинг тизимли хусусияти жиноятчиликни жиловлашда самарали натижаларни намойиш этди, дея билдирди Шоҳрух Ғиёсов. 15 апрелдан 15 майгача бўлган даврда республика бўйича олди олиниши мумкин бўлган жиноятлар сони олдинги 30 кунга нисбатан 36% га қисқарди. Жиноятларнинг умумий сони 30% га камайди. Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар – 53% га. Аниқланган жиноятлар кўрсаткичи 30% га ўсди.

«„Хавфсиз ва соғлом юрт“ ойлиги умуман олганда минглаб ёшларни гиёҳвандликнинг зарарли таъсиридан қутқарди, юзлаб килограмм гиёҳванд моддаларнинг мамлакат бўйлаб тарқалишининг олдини олди. Кўплаб фуқароларимиз, жумладан, ўғил-қизлар соғлом ва бахтли ҳаёт тарзига қайтдилар. Ички ишлар вазирлиги бу каби самарали лойиҳаларни бошқа соҳаларда ҳам амалга оширишда давом этмоқда», — дея хулоса қилди у.