Ўзбекистон авиапаркини кенгайтириш ва хорижий туристларни жалб қилиш мақсадида муҳим қадамлар қўйилмоқда. Бу ҳақида 2025 йил 9 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди, дея хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.
Давлат раҳбари сўзларига кўра, 2025 йил 11−13 март кунлари Францияга амалга оширилган давлат ташрифи якунларига кўра, замонавий 14 та Airbus самолётини сотиб олиш ва яна 5 тасини ижарага олиш бўйича келишувга эришилган.
Бундан ташқари, Boeing компанияси билан 12 та самолёт етказиб бериш юзасидан музокаралар бошлангани таъкидланди.
Президент тегишли вазирлик ва идораларга мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, қаерларга рейслар очиш ва қанча турист жалб этиш мумкинлигини ҳисоблаб чиқишни топширди.
2025 йил январь ойида Uzbekistan Airways авиакомпанияси бошқаруви раиси Шуҳрат Худойқулов 2 миллиард долларлик лойиҳа доирасида 14 та Boeing 787−8 Dreamliner узоқ масофали самолётларини харид қилиш режалаштирилаётганини маълум қилган эди. Ушбу самолётлар 2029−2032 йилларда етказиб берилиши кутилмоқда.
2022 йил ноябрь ойида эса Ўзбекистон Airbus ва ATR компаниялари билан қарийб 800 миллион евро қийматида 17 та самолёт харид қилиш бўйича келишувлар имзолаган эди.