Ягона диспетчерлик хизмати 112 бутун Ўзбекистон бўйлаб ишламоқда

112 ягона диспетчерлик хизмати Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ишлашни бошлади. Бу ҳақида Рақамли технологиялар вазирлиги матбуот котиби Шерзод Ахматов хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, ягона диспетчерлик хизматини ишга тушириш бўйича барча босқичлар белгиланган муддатларда амалга оширилди ва ҳозирда тизим мамлакатнинг барча ҳудудларида фаолият кўрсатмоқда.

112 хизмати – фавқулодда чақириқларни қабул қилиш ва қайта ишлаш, аҳолига тезкор ёрдам кўрсатишни бошқариш учун ягона механизмдир. У ИИВ, ФВВ, ССВ, Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги ҳамда «Ҳудудгазтаъминот» газ оператори фавқулодда хизматларини бирлаштиради.

Шерзод Ахматовнинг қўшимча қилишича, янги тизим билан бир қаторда аввалги қисқа рақамлар – 101, 102, 103, 104 ҳам ишлашда давом этади.

Эслатиб ўтамиз, 112 хизматини ишга тушириш режаси ҳақида 2023 йил июль ойида президент раислигидаги йиғилишда эълон қилинган эди. Ўшанда ушбу тизим АҚШдаги 911 ва Россиядаги 112 хизматларига ўхшаш эканлиги таъкидланган.

Ҳукуматнинг 2024 йил май ойидаги қарорига мувофиқ, 112 хизмати босқичма-босқич ишга туширилиши белгиланган эди: 2024 йил 1 июндан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида, 2024 йил охирига қадар эсa Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларда фаолият бошлаши керак эди.