
2024 йил 24 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини тарқатиш ҳамда истеъмол қилишни чеклаш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланган жамоат жойларининг рўйхати аниқ белгиланган.
Алкоголь маҳсулотлари
Қонунга кўра, алкоголь маҳсулотларини иш жойларида, кўчада, стадионларда, хиёбонлар, боғлар, барча турдаги жамоат транспортида ва “бошқа жамоат жойлари”да истеъмол қилиш тақиқланади.
Ушбу тақиқ савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига, жумладан, алкоголь маҳсулотлари чакана сотилишига рухсат этилган умумий овқатланиш муассасаларига, ҳамда тўй, юбилей ва бошқа тантанали маросимлар ўтказиладиган жойларга тааллуқли эмас.
Тамаки маҳсулотлари
Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ва тамаки ҳамда никотин истеъмоли учун мўлжалланган қурилмалардан фойдаланиш қуйидаги жамоат жойларида тақиқланади:
- кўп қаватли уйларнинг подъезд ва лифтларида, болалар ва спорт майдончаларида, шу жумладан уй атрофидагиларда;
- хиёбонлар, боғлар ва пляжларда;
- ер ости йўл ўтказмалари, метро станциялари, транспорт бекатлари ва автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш учун мўлжалланган ёпиқ жойларда;
- темир йўл вокзаллари, автобус вокзаллари, аэропортлар, дарё портлари, метро станцияларининг кириш қисмига 5 метрдан кам масофадаги очиқ ҳаводаги жойларда (Сенат тасдиқлаган таҳрирда бу масофа 15 метр этиб белгиланган эди);
- кинотеатрлар, театрлар, цирклар, концерт, кўргазма ва намойиш заллари ва оммавий дам олиш учун мўлжалланган бошқа ёпиқ иншоотларда;
- клублар, дискотекалар, компьютер заллари, интернет хизмати кўрсатиладиган хоналар ва бошқа дам олиш (ҳордиқ) жойларида;
- музейлар, ахборот-кутубхона муассасалари ва лекция хоналарида;
- савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида, жумладан умумий овқатланиш муассасаларида;
- аэропортлар, темир йўл ва авто вокзаллар, дарё портлари биноларида;
- соғлиқни сақлаш муассасалари, дорихоналар, таълим ташкилотлари, маданият муассасалари, спорт иншоотлари, санаторийлар ва тиббий-ижтимоий муассасаларда;
- корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва давлат органлари биноларида, жумладан иш жойи, йўлаклар, лифтлар, зинапоялар, вестибюллар, ҳожатхоналар, дам олиш хоналари, уларга туташ жойлар ва иш жараёнида ходимлар фойдаланадиган бошқа шунга ўхшаш жойларда;
- маҳаллий ва узоқ масофали қатновчи поездлар, дарё кемалари, автобуслар, метро вагонлари, таксилар, шаҳар электр транспорти, ҳаво кемалари ҳамда бошқа турдаги жамоат транспортида;
- ёнғин хавфи юқори бўлган жойларда, жумладан ёқилғи қуйиш шахобчаларида;
- уй-жой, меҳмонхона ва вақтинча яшаш (ёки вақтинча жойлаштириш) учун мўлжалланган хоналарда.
Сенат тасдиқлаган таҳрирда, шунингдек, транспорт воситаларида (жумладан, фуқароларнинг шахсий автомобилида) ёшга етмаган шахслар ёки ҳомиладор аёллар ҳузурида тамаки маҳсулотлари ва улар учун мўлжалланган қурилмаларни истеъмол қилишни тақиқлаш таклиф қилинган эди. Бироқ бу норма қонундан чиқариб ташланди.
Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш учун махсус жойларга қўйилган талаблар
Қонунда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойларга қўйилган талаблар ҳам белгилаб берилган. Ушбу жойлар қуйидагича ташкил қилиниши мумкин:
- бинолар ва иншоотлардан ташқари очиқ ҳавода;
- юқорида келтирилган жамоат жойларига тааллуқли бўлмаган, изоляция қилинган бинолар, иншоотлар ва объектларда, техник регламент ҳужжатларига мувофиқ ва вентиляция тизими билан жиҳозланган ҳолда;
- аэропортларда, рейсга рўйхатдан ўтган йўловчилар ва транзит йўловчилар учун мўлжалланган зоналарда жойлашган, вентиляция тизими билан таъминланган ва бошқа хоналардан тамаки истеъмолини кўриш имкони йўқ қилинадиган махсус изоляция қилинган хоналарда;
- поездларнинг ишламайдиган тамбурларида;
- дарё кемаларининг орқа палубаларида.
Ушбу махсус жойларда ёнмайдиган чиқинди қутиси ва уларнинг жойлашгани ҳақида маълумот берувчи кўрсаткичлар ўрнатилади.