Маълумот

Чет эл фуқаролари учун Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасини олиш тартиби

Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси хорижлик шахсларнинг ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакатимизда доимий равишда яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи расмий ҳужжат ҳисобланади.

Кимларга Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси берилади?

  • Ўзбекистон ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга — улар 16 ёшга тўлганда тақдим этилади.
  • Ваколатли органлар томонидан белгиланган тартибга мувофиқ Ўзбекистонда доимий яшашга рухсат олган шахсларга, шу жумладан, Ўзбекистонга қайтиб келган ва қонуний асосларга кўра Ўзбекистон фуқаролиги бекор қилинган шахсларга берилади.
  • Фуқаролари кўчмас мулк сотиб олиш шарти билан Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасини олиш ҳуқуқига эга бўлган давлатлар рўйхатига киритилган шахсларга қуйидаги ҳудудларда кўчмас мулк харид қилган тақдирда берилади:
    • Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида — қиймати 300 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда.
    • Самарқанд, Бухоро, Наманган, Андижон, Фарғона ва Хоразм вилоятларида — қиймати 200 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда.
    • Қорақалпоғистон Республикаси ва республиканинг бошқа вилоятларида — қиймати 100 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда.
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган, бироқ Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилмаган ёки қонунга мувофиқ Ўзбекистон фуқаролиги тугатилган шахсларга ҳам берилади.
  • Шунингдек, Ўзбекистонда доимий истиқомат қилувчи ва чет элга чиқиб кетаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси тақдим этилади.

Яшаш гувоҳномасини олиш учун зарур ҳужжатлар:

  • Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган махсус шаклдаги ариза.
  • Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома (фақат биринчи марта мурожаат этганда).
  • Хорижий давлатнинг амалдаги паспорти.
  • Ваколатли идоралар томонидан берилган ва ариза берувчининг фуқаролиги тугаганлигини тасдиқловчи ҳужжат.
  • Ўлчами 35х45 мм бўлган 5 дона қора-оқ ёки рангли фотосурат.
  • Яшаш жойидан оила аъзолари ҳақида маълумот кўрсатилган справка.
  • Никоҳ ҳақидаги гувоҳнома (агар мавжуд бўлса).

Яшаш гувоҳномалари ва фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органлари томонидан хорижий фуқаронинг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг доимий яшаш манзили бўйича расмийлаштириб берилади.