Япониянинг биродарлашган Нара шаҳрида «Самарқанд» боғи очилади

Япониянинг қадимий пойтахти бўлмиш тарихий Нара шаҳридаги янги боғлардан бирига Самарқанд номи берилади. Бу ҳақда Нара мэри Гэн Накагава 2025 йил 20 декабрь куни Токиода Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг қайд этишича, ушбу қарор икки мамлакат ва халқлар ўртасидаги абадий дўстлик ҳамда маданий-тарихий яқинлик рамзи сифатида қабул қилинган.

2022 йил октябрь ойида Самарқанд ва Нара биродарлашув алоқалари тўғрисидаги битимни имзолаб, Ўзбекистон ва Япониянинг бундай мақомга эга бўлган илк шаҳарларига айланган эди.

Учрашувда Самарқанд кўп асрлар давомида Буюк ипак йўлининг маркази, Нара эса унинг шарқий дарвозаси бўлиб келгани таъкидланди. Ушбу шаҳарлар халқаро савдони ривожлантириш ва билим алмашишда катта рол ўйнаган ҳамда цивилизациялар ўртасида маданий кўприкларни шакллантирган.

Шавкат Мирзиёев ва Гэн Накагава икки шаҳар ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни илгари суриш, қишлоқ хўжалиги, туризм, тўқимачилик, транспорт, логистика ва шаҳарсозлик соҳаларида қўшма кооперация лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини кўриб чиқдилар.

2027 йилда Нара миллий музейида Ўзбекистон маданияти ва тарихига бағишланган археологик кўргазма ташкил этилади. Лойиҳа икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллигига бағишланган.