Ўзбекистон Япониянинг Цукуба университети билан ҳамкорликда олий ўқув юрти очади

Ўзбекистон ва Япония таълим ва фан бўйича қўшма комиссия, шунингдек, инновациялар бўйича консорциум тузишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 2025 йил 20 декабрь куни Токиода президент Шавкат Мирзиёевнинг Япония таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазири Мацумото Ёхэй, Япония фанни тарғиб қилиш жамияти раҳбари Сугино Цуёси ҳамда Япониянинг етакчи олий ўқув юртлари раҳбарлари билан учрашувида сўз борди. Учрашувда Цукуба, Нагоя, Тоттори университетлари, Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университети ҳамда Нагоя иқтисодиёт университети раҳбарлари иштирок этди.

Учрашувда флагман лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, ўқув жараёнига сунъий интеллектни жорий этиш, шунингдек, муҳандислик мутахассисликлари бўйича тайёрлов дастурини ишга тушириш масалалари муҳокама қилинди.

Олий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим, Ўзбекистонда Цукуба университети билан биргаликда қўшма олий ўқув юртини ташкил этиш тўғрисидаги меморандум, шунингдек, илмий ҳамкорлик ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги қатор бошқа ҳужжатлар имзоланди.

2024 йил кузида Тошкентга Япония давлат университетлари ассоциацияси президенти, Цукуба университети раҳбари Нагата Кёсуке ташриф буюрган эди. Ташриф давомида қўшма университет очиш режалари муҳокама қилинган.

Япониянинг «иқтисодий мўъжизаси» асосида ётган таълим, фан ва инсон капиталини ривожлантиришга йўналтирилган инвестициялар Ўзбекистон-Япония ҳамкорлигининг стратегик йўналишларидан биридир, деди учрашувда Шавкат Мирзиёев.

У табиий фанлар ва математика бўйича кучли база, ўқитишнинг юқори сифати, меҳнатсеварлик, жамоавийлик ва интизом маданияти билан ажралиб турадиган Япония мактаб таълими моделини алоҳида қайд этди.

Бугунги кунда Япония олий ўқув юртларида Ўзбекистондан 2800 нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Биргина Япониянинг JDS стипендия дастури бўйича ушбу мамлакатда Ўзбекистоннинг 440 нафардан ортиқ давлат хизматчиси малака оширган.

2025 йил октябрь ойида Самарқандда икки мамлакатнинг қарийб 50 та университети ректорлари иштирокида олий ўқув юртлари раҳбарларининг бешинчи форуми бўлиб ўтди. Бундай форумлар 2010 йилдан буён ўтказиб келинмоқда.