Ўзбекистоннинг икки вилоятида Тожикистондан олиб кирилган қарийб 110 кг гиёҳвандлик моддалари мусодара қилинди

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган, умумий вазни қарийб 110 кг бўлган йирик ҳажмдаги гиёҳвандлик воситаларини қўлга олиш бўйича иккита ҳолат ҳақида хабар берди.

Биринчи ҳолатда Самарқанд вилояти Булунғур туманида яшовчи икки нафар фуқаро (28 ва 29 ёшли) 79 кг 358 гр опий моддасини яширин йўллар билан олиб кириб, кейинчалик сотиш мақсадида махфий жойга яшириб қўйган. Гиёҳвандлик моддалари ашёвий далил сифатида олинди. Кейинчалик, қўлга олинганлардан бирининг кўрсатмаси асосида дала майдонига яширилган 1 кг 953 гр метамфетамин моддаси ҳам топилди.

Бошқа ҳолатда Сурхондарё вилояти Узун туманида яшовчи икки нафар фуқаро (28 ва 31 ёшли) ҳамда бир нафар Тожикистон фуқароси (28 ёшли) рюкзакларда 30 кг 357 гр опий моддасини олиб киришга уринаётган вақтида ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан қўлга олинди. Тергов жараёнида аниқланишича, улар пул эвазига гиёҳвандлик моддасини белгиланган манзилга етказиб беришлари керак бўлган. Тезкор тадбир давомида ушбу юкни қабул қилиб олиши лозим бўлган буюртмачи — Денов туманида яшовчи 39 ёшли шахс ҳам ушланди.

Ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) ва 273-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш ёки уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Гумонланувчилар қамоққа олинган.