Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Ўзбекистон президенти «Марказий Осиё + Япония» биринчи саммитида қандай ташаббусларни илгари сурди

Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари Япониянинг минтақадаги иштироки кенгайиши ҳамда фаолроқ бўлишидан манфаатдор ва уларда таклиф этиш учун асослар етарли. Бу ҳақда 2025 йил 20 декабрь куни Токиода ўтган «Марказий Осиё + Япония» биринчи саммитида президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди. У ушбу мулоқот форматини ривожлантириш бўйича 10 га яқин ташаббусни илгари сурди.

«Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан янги марраларга эришишимизга ишончим комил. Япон донишмандлари айтганидек, «агар кучлар бирлаштирилса, тоғларни ҳам жойидан қўзғатиш мумкин», — деди.

Япония бош вазири Санаэ Такаичи раислигида ўтган тадбирда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этди.

Шавкат Мирзиёев саммитни тарихий деб атади ва бундан 20 йил аввал айнан Япония «Марказий Осиё +» биринчи мулоқоти ташаббускори бўлганини эслатиб ўтди. Бугунги кунда минтақа мамлакатлари Европа Иттифоқи, АҚШ, Россия, Хитой, Германия билан шундай мулоқотни йўлга қўйган, кейинги йилга Жанубий Корея билан саммит режалаштирилган.

У минтақанинг Япония билан яқин савдо ва маданий алоқалари Буюк ипак йўли давридан буён мавжудлигини қайд этди. Мамлакатларни, шунингдек, «ўхшаш анъана ва урф-одатлар, маънавий, маданий ва оилавий қадриятлар» яқинлаштириб туради.

«Марказий Осиё мамлакатлари мустақилликка эришганидан кейинги бутун давр мобайнида Япония бизнинг ишончли ҳамкоримиз бўлиб келаётганини, минтақанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, инфратузилма, саноат ва энергетика базасини модернизация қилишга, илмий-таълим ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшаётганини юқори баҳолаймиз», — деди президент.

«Марказий Осиё + Япония» форматини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон ташаббуслари

2040 йилгача мўлжалланган ҳамкорлик стратегияси

Ўзбекистон «Марказий Осиё — Япония 2040» ҳамкорлик стратегиясини қабул қилишни таклиф этмоқда. Ҳужжатга «минтақа мамлакатларининг барқарор ривожланишига ва уларнинг глобал иқтисодий жараёнларга янада чуқурроқ интеграциялашувига кўмаклашувчи аниқ дастур ва лойиҳалар» киритилиши мумкин, деб қайд этди Шавкат Мирзиёев.

Янги ғоя ва таклифларни ишлаб чиқиш, ҳамкорликнинг тўлақонли кун тартибини шакллантириш учун минтақанинг бешта давлати ва Япониянинг етакчи таҳлилий тузилмалари иштирокида Экспертлар форумини таъсис этиш муҳимлиги айтилди. Тошкент кейинги йилда форумнинг биринчи йиғилишини қабул қилишга тайёр.

Ўзбекистон президенти давлат раҳбарлари даражасидаги саммитларни икки йилда бир марта ўтказишни таклиф қилди.

У Япониянинг адлия ва ҳуқуқ соҳасида янги доимий механизм яратиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлади. Адлия вазирларининг биринчи учрашуви 2026 йилда Токиода бўлиб ўтиши керак.

Инвестиция жамғармаси ва япон технопарклари тармоғи

«Марказий Осиёнинг бой табиий ва кадрлар ресурсларини Япониянинг саноат ва технологик салоҳияти билан бирлаштириб, биз синергия самарасига эриша оламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

У Марказий Осиё инфратузилмаси ва саноатини ривожлантириш инвестиция жамғармасини таъсис этишни таклиф қилди. Унинг базасида минтақада йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун япон инвестициялари, технологиялари, муҳандислик стандартлари ва экспертизасини жалб қилишга қаратилган «Сифатли инфратузилма» бўйича дастурни ишга тушириш мумкин.

Яна бир ташаббус — саноат кооперацияси, маҳаллийлаштириш ва технологиялар трансфери бўйича минтақавий платформа сифатида Япон технопаркларининг Марказий Осиё тармоғини яратиш.

Рақамли трансформация

Бугунги кунда рақамли трансформация иқтисодий ўсиш ва барқарорликнинг асосий элементига айланмоқда, деб давом этди Шавкат Мирзиёев. «Япон компаниялари рақамли иқтисодиётнинг саноат автоматизацияси, робототехника ва интеллектуал бошқарув тизимлари, булутли ва янги авлод телекоммуникация платформалари каби сегментларида жаҳон етакчилари ҳисобланади».

У рақамли ечимлар, сунъий интеллект, нарсалар интернети, киберхавфсизлик ва инновацион иқтисодиёт соҳасида кўп томонлама ҳамкорлик платформаси — «Марказий Осиё — Япония» рақамли хабини яратишни таклиф қилди.

Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш

Япония замонавий ва ишончли транспорт инфратузилмасини шакллантиришда улкан тажрибага эга бўлиб, минтақада транзит ва логистика тармоғини ривожлантиришда асосий ҳамкорлардан бири сифатида чиқиши мумкин, деди президент.

«Биз тезюрар темир ва автомобиль йўлларини яратиш, транспорт йўлакларини рақамлаштириш, аэропортлар ва логистика марказларини қуриш лойиҳаларига япон инвестициялари, технологиялари ва экспертлик кўмагини жалб қилишдан манфаатдормиз», — деб таъкидлади.

Президент Япониянинг Sojitz компанияси Тошкентнинг янги халқаро аэропорти қурилишида иштирок этаётганини эслатиб ўтди.

Қайта тикланувчи энергетика

Ўзбекистон энергия ўтиши ва «яшил» энергетикани ривожлантириш лойиҳаларини, масалан, самарали иссиқлик станциялари, қуёш ва шамол энергия қурилмаларини қуриш, когенерация технологияларини жорий этиш, йўқотишларни камайтириш, карбонат ангидридни тутиб қолиш ва ундан фойдаланиш кабиларни биргаликда ишлаб чиқишни таклиф этмоқда.

Тошкентда қайта тикланувчи энергетика соҳасида мутахассислар тайёрлаш минтақавий марказини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

Минтақада ҳаво сифатини яхшилаш

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё учун қабул қилинган «Яшил кун тартиби» минтақавий дастурини амалга оширишда ҳамкорликни чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидлади, бу Япониянинг «Яшил трансформация» ташаббуси билан ҳамоҳанг.

У минтақада ҳаво сифатини яхшилаш бўйича қўшма дастурни ишга туширишни таклиф қилди. Ушбу дастур мониторинг қилиш, филтрлаш ва чиқиндиларни камайтириш учун илғор ечимларни қўллашга, аҳоли учун янада барқарор ва хавфсиз экологик муҳит яратишга қаратилган.

Президент, шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қўшма ҳаракатлар режасини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди. У Оролбўйи экологик муаммоларини ҳал этиш ва сув тежовчи технологияларни жорий этишга кўмаклашиш лойиҳаларини ўз ичига олади. Мулоқот доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарларининг янги учрашувлар форматини яратиш таклиф этилди.

Сейсмик хавфсизлик

Япониянинг сейсмик хавфсизлик соҳасидаги улкан тажрибасини инобатга олиб, Ўзбекистон сейсмик барқарорликни баҳолаш ва ошириш бўйича қўшма дастурни ишга тушириш тарафдори.

«Мақсад — япон экспертларини жалб қилган ҳолда Марказий Осиёнинг йирик шаҳарларини комплекс сейсмик диагностикадан ўтказиш, сейсмик барқарорликни ошириш бўйича «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш, япон моделлари асосида эрта огоҳлантириш тизимларини ишга тушириш», — деди Шавкат Мирзиёев.

У Тошкентда муҳандислар, архитекторлар, қутқарув хизматларини япон стандартлари ва протоколлари бўйича тайёрлаш учун минтақавий малака ошириш марказини очишни таклиф қилди.

Таълим ва кадрлар тайёрлаш

«Япониянинг таълим ва малакали кадрлар тайёрлаш соҳасидаги кўмагини юқори баҳолаймиз. Таълим, илмий ва академик алмашинувларни бундан буён ҳам кенгайтирамиз ва қўллаб-қувватлаймиз», — деб давом этди президент.

У кейинги йилда Ўзбекистонда «Марказий Осиё + Япония» форматида Таълим вазирларининг биринчи йиғилишини, шунингдек, минтақанинг етакчи университетлари ректорларининг биринчи форумини ўтказишни таклиф қилди.

Давлат раҳбари ёшлар ҳамжамиятлари ўртасида узоқ муддатли алоқаларни шакллантириш, уларнинг ижодий, технологик ва профессионал салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган Ёшларни ривожлантириш минтақавий тармоқ дастурини қабул қилиш тарафдори эканини билдирди.

Тинчлик ва барқарорлик

Шавкат Мирзиёев учрашув «жаҳон сиёсатида жиддий турбулентлик, геосиёсий кескинлик кучайиши ва йирик давлатлар ўртасида ишонч пасайиши даврида» ўтаётганини таъкидлади.

«Бундай шароитда тинчликни сақлаш ва барқарорликни мустаҳкамлаш йўлида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш қобилияти алоҳида аҳамият касб этади», — деб таъкидлади.

«Афғонистон ўзаро ҳамкорлигимизнинг асосий йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Биз бу мамлакатни тинч, барқарор ва бунёдкорликка йўналтирилган ҳолда кўриш истагида якдилмиз», — деди президент.

У кўп йиллар давомида Афғонистон халқини қўллаб-қувватлаш бўйича «етакчи донорлар ва ҳамкорлар қаторида қолаётган Япониянинг қатъий позициясини» юқори баҳолади.

«Биргаликдаги ҳаракатларимиз ва умумий ҳиссамиз ҳаёт даражасини яхшилашга, ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилмавий ривожланишга, шунингдек, Афғонистонни минтақавий иқтисодий лойиҳаларга фаол жалб қилишга хизмат қилишига ишончим комил», — деди Шавкат Мирзиёев.

Саммит якунида Марказий Осиё мамлакатлари ва Япониянинг стратегик муҳим йўналишлардаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган Токио декларацияси қабул қилинди.