Экология жамғармасига 1,4 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилади. Маблағларни нималарга сарфлаш режалаштирилган?

Экология ва иқлим ўзгариши бўйича миллий қўмита ҳузурида Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш бўйича давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилмоқда. Бу ҳақда президентнинг 2025 йил 18 ноябрдаги қарорида сўз боради.

2025 йилда давлат бюджетидан махсус жамғармага 900 млрд сўм ажратилади. 2026 йилда ушбу махсус жамғармага республика бюджетидан молиявий маблағлар йўналтирилади. Режалаштирилган харажатларнинг умумий суммаси 548 млрд сўмни ташкил этади, жумладан:

  • «Яшил макон» лойиҳаси харажатлари — 250 млрд сўм;
  • санитар тозалаш ишларига — 150 млрд сўм;
  • иҳота ўрмонларини барпо этишга — 73,7 млрд сўм;
  • махсус техника сотиб олишга — 66,3 млрд сўм.

Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 2025 йил 3 декабрь куни Қонунчилик палатаси мажлисида 2025 йилда давлат бюджетидан махсус жамғармага 900 млрд сўм ажратилишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, маблағларни йил якунига қадар тўлиқ ўтказиш режалаштирилган. У, шунингдек, ҳаво сифатини яхшилаш бўйича тезкор чоралар кўриш учун ташкил этилган махсус комиссия штабининг ишини ҳам қайд этиб ўтди.

Экология ва иқлим ўзгариши бўйича миллий қўмита раиси ўринбосари Жусипбек Казбеков жамғарма даромадларининг келгусида шаклланиши ҳақида гапириб берди. 2026 йил 1 январдан бошлаб унга углерод бирликлари савдосидан тушган маблағларнинг 20 фоизи, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарималар йўналтирилади.

«Импорт божхона режимида транспорт воситалари эркин муомалага чиқарилганда ундириладиган утилизация йиғимларининг 10 фоизи жамғармага йўналтирилади. 2027 йил 1 январдан бошлаб резина шиналар учун утилизация йиғими 100 фоиз миқдорида тўлиқ тушади. Бундан ташқари, транспорт воситаларини чиқаришдаги утилизация йиғимининг 90 фоизи ҳам жамғармага йўналтирилиши кўзда тутилган», — деди.

Жамғарма ҳузурида бошқарув кенгаши ташкил этилиб, у амалга оширилаётган лойиҳалар дастурларини дастлабки тарзда кўриб чиқади ва кейин Президент администрациясига кўриб чиқиш учун киритади. Кенгашга Экология ва иқлим ўзгариши бўйича миллий қўмита раиси Азиз Абдуҳакимов раҳбарлик қилади. Унинг таркибига Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакиллари, шунингдек, жамоатчиликнинг тўрт нафар мустақил вакили киради.

У жамғарма ҳузурида жамоатчилик кенгаши тузилганини, унинг фаолияти очиқлик ва жамият олдида ҳисобдорлик тамойиллари асосида қурилишини таъкидлади.

2025 йил ноябрь ойида Ўзбекистон Экология вазирлиги негизида президентга бўйсунувчи Экология ва иқлим ўзгариши бўйича миллий қўмита ташкил этилди (илгари орган Вазирлар Маҳкамаси таркибида эди). Идора раиси бир вақтнинг ўзида давлат раҳбарининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади.

Бундан ташқари, президентнинг алоҳида фармони билан Тошкентдаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича махсус комиссия тузилди. Казбековнинг сўзларига кўра, ишлар уч йўналишда олиб борилмоқда: тезкор рейдлар ва текширувлар ўтказиш; зарур ҳолларда корхоналар фаолиятини вақтинча тўхтатиб туриш; шунингдек, илмий асосланган ҳисоб-китобларга таянган ўрта ва узоқ муддатли тизимли чораларни амалга ошириш.