
Японияда ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) раҳбари Акихико Танакани қабул қилди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Томонлар ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалаларини кўриб чиқдилар. Уларнинг амалдаги портфели 8 миллиард доллардан ошди.
Соғлиқни сақлаш, энергетика, транспорт, таълим ва саноат каби соҳаларда яна 3 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги ташаббуслар ишлаб чиқилмоқда.
Ташриф доирасида иқтисодий зоналарни ривожлантириш, таълим, қишлоқ хўжалиги, транспорт соҳаси ҳамда тиббий асбоб-ускуналар етказиб бериш бўйича янги келишувлар имзоланди.
Президент Япония томонидан Ўзбекистон-Япония инсон ресурсларини ривожлантириш маркази ва Ёшлар инновация маркази фаолияти кўп йиллардан буён қўллаб-қувватланаётганини юқори баҳолади.
JICAнинг энергетика соҳасини ривожлантириш, ёшлар ва хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликка қарши курашиш, илғор муҳандислик кадрларини тайёрлаш, шунингдек, «Бир қишлоқ — бир маҳсулот» лойиҳасини кенгайтиришдаги иштирокини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар япон инвесторлари учун махсус иқтисодий зона ташкил этиш лойиҳасини тез фурсатда ишга туширишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Якунда давлат раҳбари JICA билан 2030 йилгача бўлган янги ҳамкорлик дастури доирасидаги лойиҳаларни ўз вақтида тайёрлаш ва натижаларнинг барқарорлигини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.