
Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган кечикишлардан хавотир билдирди. Бу ҳақда Президентнинг ЖСТ масалалари бўйича вакили, бош музокарачи Азизбек Ўрунов ЖСТ Бош кенгаши йиғилишида сўзлаган нутқида маълум қилди.
Нутқининг бошида у Ўзбекистон Саудия Арабистони билан икки томонлама музокараларни якунланган деб ҳисоблашини билдирди.
Ўруновнинг сўзларига кўра, Бош кенгаш йиғилиши арафасида Ўзбекистон делегацияси мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳ раиси билан ҳам учрашув ўтказган.
«У аъзолик жараёнимизга доир масалаларда фақатгина фактик ёндашувга амал қилишини таъкидлади», — деди у ва муҳокамани аниқ фактлар билан тўлдиришни исташини қўшимча қилди.
Биринчи факт сифатида Ўрунов Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишга тўлиқ содиқлигини тилга олди.
«Ўзбекистон ҳукумати ЖСТга аъзо бўлиш жараёнига тўлиқ содиқ, муҳим ислоҳотларни амалга оширди ҳамда қолган барча масалаларни муҳокама қилишга очиқ ва тайёр», — деб баёнот берди.
Шу билан бирга, Президент вакили мамлакатга ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ҳамон «изчил ва мазмунли қайта алоқа» зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон кўплаб ЖСТ аъзоларининг жараённи 2026 йил март ойидаги 14-Вазирлар конференциясигача якунлаш мумкинлиги ҳақидаги позициясини қўллаб-қувватлайди.
Шу билан бирга, у эҳтимолий кечикишлардан хавотирда эканини қайд этди.
«Бизда жараён кутилмаган секинлашувларга дуч келиши мумкинлиги борасида хавотирлар ортиб бормоқда. Бундай тасаввур ишчи гуруҳнинг иш цикллари доирасида келиб тушаётган айрим саволларнинг хусусияти, муддатлари ва мазмунига асосланган», — деди.
Бозорларга кириш бўйича икки томонлама музокаралар ҳақида гапирганда, Азизбек Ўрунов Ўзбекистон бу жараённинг якуний босқичида эканини маълум қилди.
«Биз аллақачон 33 та давлат билан келишувга эришдик ва улардан 30 таси билан протоколларни имзоладик», — деб таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Россия билан музокаралар ҳам якунланган ва яқин кунларда протокол имзоланиши кутилмоқда.
«Келгуси ҳафтада Россия томони билан тегишли протоколни имзолашни режалаштиряпмиз», — деди Ўрунов.
Унинг маълум қилишича, бозорга кириш бўйича музокаралар 2025 йил октябрь ойигача якунланиши мумкин эди. Бироқ айрим протоколлар бозорга киришга алоқаси бўлмаган сабабларга кўра имзоланмай қолмоқда.
«Бир қатор ҳолатларда бозорга кириш масалалари тилга олинса-да, улар музокаралар столида анча вақтдан бери мазмунан кўтарилмаган», — деди Президент вакили.
Азизбек Ўрунов Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлишни марҳамат сифатида кўрмаслигини алоҳида таъкидлади.
«Ўзбекистон аъзоликка марҳамат сифатида интилмаяпти, балки win-win (ҳамма ютуқда қоладиган қарор қабул қилиш принципи — таҳр.) тамойили асосида ҳақиқий шерикликни таклиф қилмоқда», — деди мамлакатнинг Шарқ ва Ғарб ўртасидаги Буюк ипак йўлининг тарихий бўғини сифатидаги ролини эслатиб.
Келгуси қадамлар ҳақида гапирганда, у қолган масалалар бўйича ишни давом эттиришга тайёрлигини тасдиқлади.
«Биз қолган масалалар бўйича мазмунли ишни давом эттиришга ва зарур бўлса, керакли ўзгартиришларни киритишга тўлиқ тайёрмиз», — деди Ўрунов ва жараён асоссиз кечикишларга дуч келмаслигига умид билдирди.
Якунда у яқин вақт ичида аъзолик жараёнини якунлаш учун объектив тўсиқларни кўрмаётганини айтди.
«Аъзолик жараёни келгуси Вазирлар конференциясигача муваффақиятли якунланмаслиги учун ҳеч қандай объектив сабабларни кўрмаяпмиз. Ўз зиммасига олган мажбуриятларига тўлиқ тайёр ва содиқ бўлган Ўзбекистоннинг ЖСТ оиласига конструктив ва масъулиятли аъзо сифатида қабул қилиниши учун барча асослар бор деб ҳисоблаймиз», — дея хулоса қилди Президент вакили.
2025 йил ноябрь ойида Ўзбекистон Канада ва Панама билан, аввалроқ АҚШ, Хитой, Буюк Британия ҳамда Европа Иттифоқи билан музокараларни якунлаган эди. Сентябрь ойида Аргентина, Австралия ва Гондурас билан келишувларга эришилганди.
ЖСТ бўйича ишчи гуруҳ ҳар бир номзод мамлакат учун алоҳида тузилади ва унга Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлган манфаатдор давлатлар (одатда бир неча ўнлаб) киради. У мамлакатнинг савдо режимини, жумладан, қонунчилик, тарифлар, субсидиялар, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари, хизматлар савдоси қоидалари, инвестициялар ва интеллектуал мулк ҳимоясини таҳлил қилади.
Ўз фаолияти доирасида гуруҳ номзод мамлакатга ёзма саволлар юборади, улар бир неча раундда — саволлар цикллари деб аталадиган босқичларда кўриб чиқилади. Шунингдек, ишчи гуруҳ номзоднинг мажбуриятларини — қайси ислоҳотлар аллақачон қабул қилингани ва қайсилари аъзоликкача ёки ундан кейин амалга оширилиши кераклигини қайд этади. Унинг фаолияти натижаси Ишчи гуруҳ маърузаси (Working Party Report) бўлиб, у асосий ҳужжат ва мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлиши учун зарур шарт ҳисобланади.
Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳга Жанубий Кореянинг Женевадаги элчиси ўринбосари Сонг Ё Чой раҳбарлик қилмоқда.

