Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш доирасида ЕИ ва Эквадор билан протоколлар имзолади

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёни доирасида Европа Иттифоқи ва Эквадор билан бозорга кириш бўйича икки томонлама битимларни имзолади. Бу ҳақда LinkedIn тармоғида Президентнинг ЖСТ масалалари бўйича вакили, бош музокарачи Азизбек Ўрунов маълум қилди.

Протоколни имзолаш — бу аллақачон эришилган келишувларни ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш демакдир. Протокол музокаралар натижаларини ёзма шаклда қайд этади ва ЖСТдаги кейинги жараёнлар учун расмий ҳужжат бўлиб хизмат қилади.

Унинг сўзларига кўра, 2025 йил 15 декабрь куни Европа Иттифоқи билан бозорга кириш бўйича икки томонлама протокол имзоланган. Азизбек Ўрунов ушбу ҳужжатнинг имзоланишини Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнидаги «муҳим қадам» деб атади.

Шунингдек, ўтган куни Эквадор бозорига кириш бўйича икки томонлама музокаралар якунлари юзасидан ҳам протокол имзоланди.

«Эквадор Ўзбекистоннинг Жанубий Америкадаги иккинчи йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. Эквадорнинг Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамиятга эга ва Марказий Осиё ҳамда Жанубий Америка ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни конструктив ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратади», — деди Президентнинг ЖСТ масалалари бўйича вакили.

16 декабрь куни ЖСТ Бош кенгаши 2026 йилда Камерунда бўлиб ўтадиган 14-Вазирлар конференциясига тайёргарлик кўриш доирасида иш бошлади. Ўзбекистон ушбу тадбирга қадар ташкилотга аъзо бўлишни режалаштирмоқда.

2025 йил ноябрь ойида Ўзбекистон Канада ва Панама билан, аввалроқ эса АҚШ, Хитой, Буюк Британия, шунингдек, Европа Иттифоқи билан музокараларни якунлаган эди. Сентябрь ойида Аргентина, Австралия ва Гондурас билан келишувларга эришилганди.