
2025 йил 16 декабрь куни эрталаб Москва вилояти Одинцово туманидаги Горки-2 қўрғонида жойлашган умумтаълим мактабида ўсмир пичоқ билан ўқувчилар ва қўриқчига ҳужум қилди. Натижада тўртинчи синф ўқувчиси — Тожикистон фуқароси, 10 ёшли Қобилжон Алиев ҳалок бўлди. Ушбу ҳодиса Россия ва унинг ташқарисида кенг акс-садо берди, Тожикистон томони расман «холис» тергов ўтказишни талаб қилди.
Ҳужум
«Бугун соат 9:00 да полицияга мактаб ўқувчиси қўриқчини пичоқлагани, газ баллончасини сепгани, сўнгра 10 ёшли мактаб ўқувчисига пичоқ билан жароҳат етказгани ҳақида хабар тушди. Бола олган жароҳати туфайли вафот этди. Полиция ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ҳужумчи қўлга олинди», — деб хабар берди Подмосковье полицияси ҳужум содир бўлган куни.
Россия Telegram-каналлари маълумотига кўра, ҳужумчи — шу мактабнинг 9-синф ўқувчиси, 15 ёшли Тимофей К. У қўлга олинган.
Тимофей К. мактабга нацистик шиорлар туширилган шлем ва No lives matter («Ҳеч кимнинг ҳаёти муҳим эмас») деган ёзувли футболкада келган. Ушбу ибора 2020 йилда АҚШда ирқчиликка қарши норозиликлар шиорига айланган Black lives matter («Қора танлилар ҳаёти муҳим») шиорига ишорадир. No lives matter (NLM) шунингдек, зўравонлик, терроризм ва инсониятни йўқ қилишни тарғиб қилувчи онлайн-гуруҳ номи ҳамдир.
Ҳужумчининг шлемида, хусусан, 2015 йил ёзида Чарльстондаги черковда отишма содир этган 22 ёшли америкалик Дилан Руфдан иқтибос келтирилган эди. Ўшанда ҳужум қурбонлари тўққиз нафар қора танли ибодатчи бўлган. Судда Руф ирқий уруш бошламоқчи бўлганини тан олиб: «Мен буни қилишга мажбур эдим, чунки кимдир нимадир қилиши керак эди», деб айтган. Тимофей К. айнан шу жумлани ўз шлемига туширган.
Ўсмир, шунингдек, ўз ҳаракатларини камерага туширган ва кейинроқ видеони синф чатига жойлаштирган. Кадрларда пичоқ билан қуролланган ҳужумчи синф киришида турган кичик ёшдаги ўқувчилар гуруҳи ва ўқитувчига яқинлашиб: «Сизлар қайси миллатдансизлар?» деб сўрагани акс этган. Унга қўриқчи яқинлашиб, пичоқни ташлашни талаб қилганда, Тимофей К. унинг юзига баллончадан газ сепган ва орқасига пичоқ урган. Шу пайт ўқитувчининг «Тез кабинетларга!» деб қичқиргани эшитилади. 10 ёшли Қобилжон Алиев зинапоя томон югурган, аммо Тимофей К. уни ҳақоратли сўзлар билан қувиб етиб, бир неча бор пичоқ урган. Сўнгра ҳужумчи ҳалок бўлган бола билан селфига тушган.
Baza Telegram-канали маълумотига кўра, Тимофей К. камида бир ўқувчини гаровга олишга улгурган ва кабинетга қамалиб олган. Воқеа жойига махсус отряд етиб келиб, мактабга ҳужум уюштирган ва ҳужумчини қўлга олган.
Ҳужумдан олдин мактаб ўқувчиси бошқа ўқувчилар орасида «Менинг ғазабим» номли манифестини тарқатган бўлиб, унда насронийликнинг таназзулидан шикоят қилган ва уни қайта тиклаш учун оммавий қотилликларга чақирган. У жамиятдаги муаммоларда ЛГБТ, яҳудийлар, мусулмонлар, чап қанот вакиллари, антифа, либераллар ва оппозицияни айблаган.
Ҳолат юзасидан Россия Тергов қўмитасининг Москва вилояти бошқармаси қотиллик ва жиноятга тайёргарлик моддалари билан жиноят иши қўзғатди. Ўсмир айбига иқрор бўлиб кўрсатма берди.
Ҳалок бўлган бола ва унинг оиласи ҳақида нималар маълум
«Озодлик» радиосининг Марказий Осиё хизмати ёзишича, Қобилжон Алиев Успенский номидаги ўрта мактаби фарроши, 35 ёшли Тожикистон фуқароси Нилуфар Сафоеванинг ўғли бўлган. Унинг 9 ёшли укаси у билан бир синфда ўқиган.
Она ўғиллари ва қариндошлари билан мактаб яқинидаги ижара уйда яшаган. Қўшнилар оила ҳақида ижобий фикрда бўлган. Нилуфар Сафоева бир вақтнинг ўзида бир нечта жойда фаррош ва энага бўлиб ишлаган. У Россияга тахминан 4 йил олдин, Тожикистон чегара қўшинларида хизмат қилган эри вафот этганидан кейин келган. Аёл оилани боқиш ва болаларини оёққа турғизиш учун патент асосида ишлаган.
Нилуфар Сафоеванинг қариндошлари сўзларига кўра, фожиадан сал олдин у ўғилларининг хорижий паспортлари муддати тугаётгани сабабли уларни вақтинчалик ишончли вакил билан Тожикистонга юбормоқчи бўлиб турган эди.
2025 йил 18 декабрь куни Қобилжон Алиевнинг жасади Тожикистонга олиб борилди. У оиланинг қариндошлари яшайдиган Шаҳринав туманидаги Ажам қишлоғида дафн этилди.
Тожикистон ва Россиядаги муносабат
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги миллий адоват замирида содир этилган ушбу ҳужумни кескин қоралади.
Тожикистон фуқаросига қилинган ҳужум муносабати билан Россиянинг Тожикистондаги элчиси Семён Григорьев ТИВга чақирилиб, унга Россия ҳукуматидан ҳодиса юзасидан «зудлик билан, холис ва бетараф тергов» ўтказишни ҳамда барча алоқадорларни «қонуннинг бор қаттиқлиги» билан жавобгарликка тортишни талаб қилувчи нота топширилди.
Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода ҳам 2025 йил 17 декабрь куни россиялик ҳамкасби Владимир Колокольцев билан телефон орқали мулоқот қилиб, фожиа сабаблари ва ҳолатларини «ҳар томонлама ўрганишга» чақирди. У бу каби жиноятлар «ижтимоий муҳитга салбий таъсир кўрсатиши, шунингдек, алоҳида радикал миллатчи гуруҳлар томонидан худди шундай жиноятларни содир этишга гижгижлаш ва провокация қилиш учун асос бўлиши мумкинлигини» таъкидлади.
Бунга жавобан Россия ИИВ раҳбари «холис тергов учун барча чоралар» кўрилаётганига ишонтирди.
18 декабрь куни Тожикистон Хавфсизлик кенгаши котиби Юсуф Раҳмон Семён Григорьев билан учрашди. Раҳмон «ушбу даҳшатли жиноят Тожикистон жамиятида жиддий хавотир ва кенг жамоатчилик акс-садосига сабаб бўлганини» айтди.
Бундан ташқари, Тожикистон Хавфсизлик кенгаши котиби Қобилжон Алиевнинг ўлдирилиши бўйича «ҳар томонлама, адолатли ва шаффоф тергов» зарурлигини кўрсатиб ўтди ва «вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш умумий устувор вазифа эканлигини» таъкидлади.
Россия ТИВ чоршанба куни Тожикистонга ва ҳалок бўлган боланинг яқинларига ҳамдардлик билдирди. Вазирлик «барча мавжуд тафсилотларни ойдинлаштириш ва Тожикистон томонига зарур ёрдам кўрсатиш учун» Россия Тергов қўмитаси ва ИИВга мурожаат йўллаганини маълум қилди. У ерда шунингдек, «фуқаролиги ёки миллий мансублигидан қатъи назар, ҳар қандай инсон ҳаёти олий қадрият эканлиги» айтилди.
Шу билан бирга, «Медуза» нашри қайд этишича, Россия расмийлари буни адоват замиридаги жиноят деб айтишга шошилмаяпти. Нашр Россия Тергов қўмитаси хабарларида жиноят мотиви тилга олинмаганига эътибор қаратди.
«Агентство» нашрининг ёзишича, Одинцоводаги ҳужум сўнгги йилларда Россия мактабларида миллий адоват мотиви билан содир этилган биринчи ҳужум бўлди.

