
Олимжон Хамитович Исмоилов 5 йил муддатга Тошкент шаҳар суди раиси этиб тайинланди, деб хабар берди Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати.
Олимжон Исмоилов 2024 йил сентябрь ойидан буён Олий суд раиси ўринбосари — фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимида ишлаб келаётган эди.
Тошкент шаҳар судининг аввалги раиси Эркин Хўжақулов ушбу лавозимни 5 йил давомида — 2020 йилдан шу йилнинг 25 ноябригача эгаллаб келган. Унинг ваколат муддатини узайтирмасликка қарор қилинди.
Улуғбек Алиджанович Алмамедов 5 йил муддатга Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси этиб тайинланди.
Баҳодир Абдурасулович Эргашев худди шу муддатга Навоий вилояти маъмурий суди раиси этиб тайинланди.
Фаррух Сойибжонович Абдураимов 5 йил муддатга Сирдарё вилояти суди раиси этиб тайинланди. Шу муносабат билан у Андижон вилояти суди раиси ўринбосари — жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимидан озод этилди.
Маҳмуд Уразбаевич Эшимбетов 5 йил муддатга Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раиси лавозимига сайланди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил ноябрь ойида президент томонидан судьяларни тайинлашнинг янги тартибини жорий этувчи фармон имзоланган эди. Унга кўра, судьялар аввалига 5 йил муддатга, сўнгра муддатсиз даврга тайинланади (илгари иккинчи муддат 10 йилни ташкил этарди).