
Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 16 декабрь куни Ўзбекистон Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг янги биноси ва фаолияти билан танишди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Академия Бош прокуратура Академияси негизида 2022 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда у прокуратура ва тергов-суриштирув органлари учун кадрларни ягона ёндашув асосида тайёрлайдиган, узлуксиз таълим тизимига эга «тўлиқ форматдаги ихтисослашган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси» ҳисобланади, дейилади хабарда.
Академия ҳудудида янги 5 қаватли маъмурий бино, ошхона, меҳмонхона ва талабалар учун коворкинг майдони барпо этилди, шунингдек, конференциялар зали ва кутубхона реконструкция қилинди.
Иккита ўқув биноси ва иккита ётоқхона биноси капитал таъмирланди, бу эса таълим олувчилар қамровини икки баравар ошириш имконини берди. Ҳозирги вақтда очиқ ва ёпиқ спорт мажмуалари қурилиши давом этмоқда.
Академияда 12 та ихтисослашган хона, жумладан, криминалистика полигонлари, суд жараёнларини симуляция қилиш учун махсус заллар, Гезелл кўзгуси билан жиҳозланган сўроқ қилиш ва танитиш хоналари, киберполигон, «даркнет» ва суд экспертизаси лабораториялари мавжуд.
Академияда олий таълимнинг икки босқичли тизими — бакалавриат ва магистратура амал қилади. 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб «Турли тизимлар — ягона ёндашув» тамойили асосида бакалавриатнинг «Тергов фаолияти» ва «Прокурорлик фаолияти» йўналишлари бўйича ўқитиш ташкил этилди.
2026 йилдан кибержиноятчиликка қарши курашишга ихтисослашган «киберпрокурор» ва «кибертерговчи»ларни тайёрлаш учун «Киберҳуқуқ» бакалавриат йўналишини очиш режалаштирилган.
Магистратурада «Тергов фаолияти», «Прокурорлик фаолияти» ихтисосликлари, шунингдек, миллий таълим тизими учун ноёб бўлган «Коррупцияга қарши курашиш фаолияти» ва «Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ» йўналишлари бўйича кадрлар тайёрланмоқда. 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб «Киберхавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш» ихтисослиги бўйича магистрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Прокуратура ва тергов органлари ходимларининг малакасини ҳар 3 йилда камида бир марта узлуксиз ошириб бориш тизими жорий этилди.
Сунъий интеллект технологиялари асосида масофавий ва аралаш курслар фаолият кўрсатмоқда. Хабарда қайд этилишича, сунъий интеллект негизидаги виртуал ассистент ва реал тергов амалиётида юзага келадиган муаммоли вазиятларни акс эттирувчи рақамли симуляцион видеоматериаллардан фойдаланилмоқда.
Юридик клиника аҳолига бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда. Унинг ишига талабалар жалб этилиб, тажрибали мутахассислар раҳбарлигида амалий кўникмаларни шакллантирадилар.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича илмий-таълим маркази ташкил этилган бўлиб, унинг доирасида магистрлар тайёрланади, шунингдек, диссертация кенгаши фаолияти илмий-методик жиҳатдан таъминланади.
Кибержиноятчилик ва бошқа глобал таҳдидларга қарши курашиш, шунингдек, бу соҳада малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида ўтган йили академия тузилмасида Рақамли криминалистика илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.
Киберлабораторияда 439 та мураккаб рақамли тадқиқот ва экспертиза ўтказилди, натижада 189 та кибержиноят фош этилди.
Академиянинг лойиҳа офисида АҚШ, Япония, Германия, Жанубий Корея, Россия, Словения ва Швеция экспертлари билан ҳамкорликда 15 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда.
Академияда 10 та илмий ихтисослик бўйича илмий кенгаш фаолият кўрсатмоқда, бунда «Коррупция муаммолари» ихтисослиги бўйича кенгаш мамлакатдаги ягона ҳисобланади. Хабарда айтилишича, академиянинг илмий салоҳияти уч йил ичида 26 фоиздан 67 фоизга ошган.
Президент суд жараёнларини симуляция қилиш, сўроқ қилиш ва танитиш учун мўлжалланган махсус заллар, шунингдек, бошқа ихтисослашган аудиториялар ва ахборот-ресурс марказида яратилган шароитлар билан танишди ҳамда талабалар билан суҳбатлашди.