
Шаҳар дренаж тизимининг мастер-режаси ишлаб чиқилди, кейинги йилдан қурилиш ишлари бошланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 16 декабрь куни Тошкентда сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар якунларига бағишланган йиғилишда маълум қилди.
«Шаҳарнинг барча кўчаларидаги ариқларда сув оқиб туриши керак», — деди давлат раҳбари.
Дастур доирасида 150 км ёпиқ дренаж тизимини қуриш, 197 км канал ва коллекторларни таъмирлаш, шунингдек, шаҳарда салқин микроиқлим ҳосил қилиш учун 63 км янги каналлар барпо этиш режалаштирилган.
Ёмғир сувини йиғиш учун 17 та иншоот қурилади. Ушбу сувдан дарахтлар ва яшил ҳудудларни суғоришда фойдаланилади.
Пойтахтдаги барча коммунал ташкилотлар ва фавқулодда хизматларга кеча-ю кундуз иш режимига ўтиш, авария ҳолатларининг олдини олиш ва уларни тезкорлик билан бартараф этиш, шунингдек, жамоат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кучайтириш топширилди.
2019 йил апрель ойида кўчаларни навбатдаги сув босишидан сўнг Тошкент ҳокимлиги дренаж тизимини капитал таъмирлаш учун қарийб 60 млн доллар кераклигини маълум қилган эди.
2023 йил апрель ойи бошидаги кучли ёмғирдан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Қурилиш вазирлиги ва ҳокимликка икки ҳафта муддатда муаммони ҳал қилиш бўйича дастур қабул қилиш ва уни амалга оширишни бошлаш бўйича топшириқ берган эди.
Ўшанда Тошкент ҳокимлигининг янги раҳбари Шавкат Умрзоқов дренаж тармоқларининг 20-30 фоизи уйлар қурилиши вақтида фуқаролар томонидан тўсиб қўйилганини айтганди. У шунингдек, «ҳамма жой асфальт билан қоплангани, сув ерга шимилмаётганини» қайд этган эди.
2021 йилдан бери Тошкент ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти ҳам ушбу муаммони ўрганиш билан шуғулланмоқда ва пойтахтнинг электрон харитасига ирригация-дренаж тизими объектларини киритган.