
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 16 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Тошкент шаҳрида сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар якунларини сарҳисоб қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, тўққиз йил давомида Тошкент иқтисодиётига 20 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинган, 5000 га яқин йирик лойиҳалар амалга оширилган. Аҳоли жон бошига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 2017 йилдаги 71 доллардан 2200 долларгача ўсди.
Шаҳардаги тижорат кўчмас мулк майдони 14 баробар кўпайиб, 67 миллион квадрат метрга етди, тадбиркорлар сони эса 140 мингтага яқинлашди.
Қурилишнинг ривожланиши, шунингдек, янги савдо-сервис ва кўнгилочар объектларнинг ишга туширилиши «тунги иқтисодиёт»нинг шаклланишига хизмат қилди. Кеча-ю кундуз ишлайдиган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари сони 3000 тадан ошди.
Қайд этилишича, пойтахт аҳолиси «шаҳар — пиёдалар учун» тамойили доирасида маҳалла ва кўчалардаги ижобий ўзгаришларни ҳис қилмоқда. Тошкентга 1000 та электробус ва автобуслар етказиб берилди, 168 та янги йўналиш очилди. Шунингдек, 33 км янги метро линиялари ва 21 та станция қурилди. Метро Яшнобод, Миробод, Сергели, Янгиҳаёт ва Юнусобод туманларининг қарийб 1 миллион аҳолиси учун қулайроқ бўлди.
Президент уй-жой қурилиши ҳажми ҳам сезиларли даражада ошганини маълум қилди. Агар илгари Тошкентда йилига 2000−2500 тадан кўп бўлмаган хонадон фойдаланишга топширилган бўлса, сўнгги йилларда бу кўрсаткич йилига ўртача 15,5 минг хонадондан ошди.
Сўнгги уч йилда пойтахт аҳолиси ва тадбиркорларининг электр таъминотини яхшилашга қарийб 3,5 триллион сўм йўналтирилди. 2026 йилда ушбу мақсадлар учун яна 1,5 триллион сўм ажратиш режалаштирилган.
Умуман олганда, Тошкент иқтисодиёти 9 йил ичида 2,5 баробарга ўсди ва жорий йилда 27 миллиард долларга етади. Аҳоли жон бошига даромадлар 4400 доллардан 8600 долларгача ошди.
Натижада камбағаллик даражаси йил бошидаги 7,3 фоиздан 1 фоизгача, ишсизлик эса 4,5 фоиздан 3,5 фоизгача тушади. Шундай қилиб, Тошкентда камбағаллик ва ишсизлик даражаси табиий кўрсаткичларга яқинлашади, деди давлат раҳбари.
2025 йил декабрь ойи бошида Президент ҳузурида аҳоли бандлиги ва камбағалликни қисқартириш масалалари муҳокама қилинган эди. Йил якунига кўра мамлакат бўйича камбағаллик даражаси 6 фоизгача (йил бошидаги 8,9 фоиздан), 2026 йилда эса 4,5 фоизгача тушиши кутилмоқда. Муаммоли маҳаллаларга эътибор қаратиш, уларнинг электр энергияси, интернет ва томорқа ерларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш вазифаси қўйилган.