Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 20/12/2025

Ўзбекистон электр энергиясининг нетто-экспортчисига айланди — вазир

Ўзбекистон 2025 йилда электр энергиясининг нетто-экспортчисига айланди. Бу ҳақда 2025 йил 11 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги йиғилишда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ижобий балансга ўтиш сўнгги йиллардаги ислоҳотлар ва янги энергетика қувватларининг ишга туширилиши туфайли амалга ошди.

«Биз электр энергияси бўйича нетто-импортчидан нетто-экспортчига айландик. Агар илгари жисмоний ҳажмда электр энергиясини кўпроқ импорт қилган бўлсак, бу йилдан бошлаб янги захиралар ва энергия қувватлари ҳисобига ижобий фарққа ўтдик».

Мирзамаҳмудов Марказий Осиё давлатлари билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлик минтақадаги сув ресурслари барқарорлигига хизмат қилганини таъкидлади.

«Сув хўжалиги соҳаси мутахассислари тасдиқлаши мумкин: қўшни Қирғизистон ва Тожикистонга қўшимча электр энергияси етказиб бериш орқали сув танқислиги оқибатларини юмшатишга муваффақ бўлинди», — деди.

Вазирнинг айтишича, бу йил сув ҳажми меъёрдан тахминан 35 фоизга паст бўлганига қарамай, ёз мавсумида жиддий узилишлар кузатилмади.

«Ёзда деярли ёмғир ёғмади, шунга қарамай, ёзги даврда сув таъминотида жиддий узилишлар кузатилмади. Баланс Марказий Осиё давлатларининг энергетика ва сув хўжалиги идораларининг мувофиқлаштирилган иши туфайли сақлаб турилди», — деди Мирзамаҳмудов.

У фермер хўжаликлари ҳам сув тақчиллигига дуч келмаганини таъкидлади:

«Фермер хўжаликлари амалда сув етишмаслигини сезмадилар. Айрим маҳаллий муаммолар умумий сув баланси билан эмас, балки кўпроқ насосларнинг техник носозликлари билан боғлиқ бўлди».

Вазир муваффақиятларни минтақавий ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши билан боғлади:

«Мен Марказий Осиё давлатлари президентлари томонидан яратилган ижобий ҳамкорлик муҳити асосий роль ўйнади деб ҳисоблайман. Биз доимий мулоқотдамиз, зарурат туғилганда — ҳатто ҳар куни».

Ўзбекистон шериклар билан ўзаро маҳсулот етказиб беришни давом эттиради. Ноябрь ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон Бишкек Тўқтоғул ГЭСда сув тўплаши ва электр ишлаб чиқаришни камайтириши учун Қирғизистонни қишки даврда электр энергияси билан қўллаб-қувватлашга келишиб олишди. Ёзда тўпланган сув ҳажми экин майдонларини суғориш учун Ўзбекистон ва Қозоғистонга йўналтирилади.

«Ўзаро етказиб бериш доирасида ҳамкорларга 2,6 млрд кВт·соат электр энергияси узатиш режалаштирилган. Бу, биринчи навбатда, вегетация давригача сув захираларини етарли ҳажмда сақлаб туриш учун амалга оширилмоқда», — деди Мирзамаҳмудов.

Вазирнинг маълум қилишича, куз-қиш даврида Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли қарийб 47 млрд кВт·соатга етади.

«Бу суткасига ўртача 257 млн кВт·соатни ташкил этади, бу ўтган йилга нисбатан 20 млн кВт·соатга кўп дегани. Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, декабрь ва январь ойларининг энг совуқ даврларида суткалик истеъмол 290 млн кВт·соатга етиши мумкин», — деди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил январь-октябрь ойларида Ўзбекистон 129,7 млн долларлик электр энергияси экспорт қилган, бу 2024 йилнинг 10 ойлик кўрсаткичидан 58,7 фоизга кўп. Импорт ҳажми эса 13,7 фоизга камайиб, 88,6 млн долларни ташкил этди.