Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 20/12/2025

«Истеъмолчиларнинг сўровлари билан қизиқиш, уйларнинг ертўла, чердак ва йўлакларини тартибда сақлаш муҳим» — Президент

Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 16 декабрь куни Тошкентнинг Юнусобод туманида барпо этилган юқори қувватли когенерация станцияси фаолияти билан танишди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Хабарда қайд этилишича, пойтахтда иссиқлик ва электр энергиясини бир вақтда ишлаб чиқаришни таъминлайдиган қатор замонавий когенерация қурилмалари ишга туширилмоқда.

Қуввати 100 мегаватт бўлган шундай станция Юнусобод туманидаги 4-сонли иссиқлик маркази ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида қурилди. Хитойнинг CNTIC компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳа 3,5 гектар майдонни эгаллади. Уни молиялаштиришга 65 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар йўналтирилди.

Когенерация станцияси Британиянинг Rolls-Royce компаниясига тегишли 70 та газ-поршенли қурилма билан жиҳозланган.

Иссиқлик таъминоти инфратузилмаси — қозонхоналардан тортиб якуний истеъмолчиларгача реконструкция қилинди: иссиқлик магистраллари янгиланди, тармоқлар изоляция қилинган қувурларга алмаштирилди. «Бу турли даражалардаги энергия йўқотишларининг олдини олиш имконини беради», дейилади хабарда.

Станция ишга туширилиши натижасида ҳар йили 876 миллион киловатт-соат электр ва 858 минг гигакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга, 35 миллион куб метр табиий газ тежалиши кутилмоқда.

Пойтахтнинг Юнусобод, Олмазор, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек ва Яккасарой туманларида жойлашган 1846 та объект доимий иссиқлик таъминоти билан таъминланади. Улардан 1400 таси турар жой бинолари бўлса, қолган қисми ижтимоий соҳа объектлари. Бундан ташқари, 292 мингта хонадон барқарор электр энергияси билан таъминланади.

Лойиҳа ишга туширилиши билан иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш харажатлари 40−45 фоизга камайиши кутилмоқда. Атмосферага ифлослантирувчи моддалар чиқарилиши ҳажми сезиларли даражада камаяди, оқова сувларни утилизация қилишга эҳтиёж қолмайди.

Шу ернинг ўзида Президентга қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, иссиқлик марказларини ривожлантириш, Тошкент иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш бўйича амалга оширилган ишлар, пойтахт ободонлаштириш хизматларини яхшилаш, шунингдек, аномал совуқ об-ҳаво шароитида ишлашга жалб қилинадиган куч ва воситаларни тақсимлаш бўйича таклифлар тақдимот қилинди.

Пойтахтда 11 630 та кўп квартирали уй мавжуд бўлиб, уларга 358 та бошқарув сервис компанияси хизмат кўрсатади. Давлат раҳбари уларнинг келгуси мавсумга тайёргарлик даражаси билан қизиқди.

«Шаҳар шароитида бошқарув сервис компанияларининг фаолияти аҳолининг кундалик ҳаёти билан бевосита боғлиқ. Шу босдан уларнинг иши соат механизмидек аниқ ва узлуксиз бўлиши керак. Бунинг учун зарур шароитлар яратилмоқда. Энди соҳа ходимларининг дунёқараши ва ёндашувлари ҳам ўзгариши талаб этилади. Истеъмолчиларнинг сўровлари билан қизиқиш, уйларнинг ертўла ва чердакларини, йўлаклар ва ўйин майдончаларини тартибда сақлаш муҳим», — деб таъкидлади Президент.

Энергетика, ободонлаштириш, қурилиш ва сервис соҳаларининг масъул раҳбарларига мавсум давомида тизимли ва мувофиқлаштирилган ишларни таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.