
Жаҳон банки Ўзбекистон учун 100 миллион доллар миқдорида кредит ва 5 миллион доллар миқдорида грант ажратишни маъқуллади, деб хабар берди ЖБ матбуот хизмати.
Ушбу маблағлар «Иш ўринлари яратиш ва бизнес ўсиши учун молиялаштиришдан фойдаланиш имкониятлари» (Access to Finance for Jobs and Growth Project, FINGROW) лойиҳасини амалга оширишга йўналтирилади.
Лойиҳадан кўзланган мақсад — капитал танқислигини бошдан кечираётган микро, кичик ва ўрта корхоналарнинг (МКЎК) кредит ресурслари ва уларнинг капиталига хусусий инвестициялар жалб қилиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес барча корхоналарнинг 90 фоиздан ортиғини ташкил этади, умумий бандликнинг 75 фоизини таъминлайди ва ЯИМнинг қарийб 55 фоизини шакллантиради.
«Сўнгги йилларда МКЎКларни кредитлаш ҳажми ошганига қарамай, корхоналар ҳали ҳам капиталдан фойдаланишда чекловларга дуч келмоқда, бу эса уларнинг бизнеси ўсишига, иқтисодиётга қўшаётган ҳиссасига ва янги иш ўринлари яратилишига тўсқинлик қилмоқда», — дея қайд этди ЖБ.
МКЎКларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи банк ҳисоб рақамларига эга эмас ва уларнинг сотувларининг 30 фоиздан камроғи электрон шаклда амалга оширилади. Кредит билан молиялаштиришдан фойдаланиш имконияти пастлигича қолмоқда, деб таъкидлади Жаҳон банки. Хусусан, кичик корхоналарнинг фақат 10 фоизи ва ўрта корхоналарнинг 16 фоизи кредитлари борлигини маълум қилган.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистонда МКЎКларнинг кредит билан молиялаштиришга бўлган умумий эҳтиёжи 13 миллиард долларга баҳоланмоқда, айни пайтда молиялаштириш тақчиллиги қарийб 6 миллиард долларни ташкил этади.
«Аёллар раҳбарлигидаги корхоналар янада жиддий молиявий чекловларга дуч келмоқда. Рўйхатга олинган МКЎКларнинг қарийб учдан бири аёлларга тегишли бўлса-да, улар бундай корхоналарга бериладиган кредитларнинг атиги 14 фоизини оладилар. Натижада, аёллар бошқарадиган корхоналарнинг 23 фоизи молиялаштиришдан фойдаланиш имкониятини ўзларининг асосий муаммоси деб атайди, эркаклар бошқарадиган корхоналарда эса бу кўрсаткич 10 фоизни ташкил этади. Бундай тенгсизлик аёллар тадбиркорлигининг ўсишини ва мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини жиловлаб қўймоқда», — деб таъкидлади ЖБ.
Ўзбекистонда ўз бизнесини кенгайтиришга интилаётган МКЎКлар корхона капиталига хусусий инвестицияларни жалб қилишдан ҳам манфаатдор. Бундай инвестицияларга бўлган талаб 20-30 миллиард долларга баҳоланмоқда, ваҳоланки, мамлакатда фаолият юритаётган учта тўғридан-тўғри инвестиция жамғармасининг жалб қилинган капиталининг умумий ҳажми атиги 2 миллиард долларни ташкил этади.
Жаҳон банки томонидан молиялаштириладиган FINGROW лойиҳаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси»га (ТРК) МКЎКларнинг молиялаштиришдан фойдаланиш муаммоларини ҳал этишда кўмак беради.
ТРКнинг профессионал бошқариладиган шўъба тузилмалари МКЎКларга кредит (банк) кафолатлари бериш ва рақобатбардош корхоналар капиталига хусусий инвестицияларни жалб қилишда кўмаклашиш учун банклар, микромолия ташкилотлари ва инвесторлар билан ҳамкорлик қилади.
«Капиталдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва хусусий сектор ўсишини қўллаб-қувватлаш учун масъул бўлган институтларни мустаҳкамлаш орқали FINGROW лойиҳаси Ўзбекистонда тез ривожланаётган корхоналар учун янги имкониятлар очади, тадбиркорликни ривожлантиришга ва кўпроқ, яхши ҳақ тўланадиган иш ўринларини яратишга, жумладан, аёллар ва ёшлар ўртасида ҳам кўмаклашади», — деди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхассин.
Лойиҳа тадбирлари туфайли 2030 йилга келиб 7000 га яқин МКЎК, шу жумладан, аёллар ва ёшлар раҳбарлигидаги 4500 та корхона кредит билан молиялаштириш имкониятига эга бўлиши кутилмоқда.
Ушбу қўллаб-қувватлаш бенефициар компанияларга 100 мингга яқин янги ва яхши ҳақ тўланадиган иш ўринларини яратиш имконини беради, бунда уларнинг ярмидан кўпини аёллар ва ёш ишчилар эгаллайди, деб қайд этди ЖБ.
Бундан ташқари, лойиҳа доирасида юқори ўсиш салоҳиятига эга 70 тагача кичик ва ўрта корхоналарга уларнинг капиталига хусусий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда бизнесни кенгайтириш учун янги билим ва тажрибаларни бериш орқали кўмак кўрсатилади. Ушбу корхоналарнинг сезиларли қисми аёллар ва ёш раҳбарлар томонидан бошқарилади.
«Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» шўъба тузилмалари банклар, микромолия ташкилотлари ва хусусий инвесторлар билан шерикликда қўшимча 500 миллион доллар хусусий капитални сафарбар этади. Ушбу маблағлар янада кўпроқ сонли МКЎКлар учун кредит билан молиялаштириш имкониятини ва корхоналар капиталига хусусий инвестициялар оқимини таъминлайди.
Ўзбекистон ва Туркия Европа ва Марказий Осиё минтақасида FINGROW дастури доирасида кўмак олган биринчи давлатлар бўлди, деб таъкидлади Жаҳон банки.