
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 2025 йил 15 декабрь куни бир қатор тузилмалар раҳбарлари билан хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш, уларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш, эрта ҳомиладорликнинг сабаблари ва унинг олдини олиш чора-тадбирларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда унинг Telegram-каналида хабар берилди.
Тадбирда ички ишлар, адлия, соғлиқни сақлаш, олий, мактабгача ва мактаб таълими вазирлари, болалар омбудсмани, Бош прокуратура, Олий суд, Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Маҳаллалар уюшмаси раҳбарлари ва бошқалар иштирок этди. Қатнашчилар орасида Ўзбекистондаги зўравонликка қарши Nemolchi.uz лойиҳаси асосчиси ва раҳбари Ирина Матвиенко ҳам бор эди.
«Биз Марказий Осиёда оилавий зўравонликка қарши қонун қабул қилган биринчи давлатмиз. Болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун жавобгарликни кучайтирдик. Лекин биз тўхтаб қолмаслигимиз керак», — деди Саида Мирзиёева.
«Зўравонлик фактларига тезкор чора кўришнинг самарали тизими яратилиши керак», — дея таъкидлади.
Президент Администрацияси раҳбари шундай деди: «Кўпинча асл манзара кўринмайди, кўп нарса яширилади. Биз ҳали ҳам статистикадан қўрқамиз, жазоланишдан қўрқамиз, атрофдагилар назарида ёмон кўринишдан қўрқамиз ва танқидни қабул қилмаймиз».
У барча масъул раҳбарларни «бугунги суҳбатдан хулоса чиқаришга» чақирди. «Зўравонликнинг барча кўринишларига қарши муросасиз кураш, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш сўзда эмас, амалда олиб борилиши шарт».
«Инсон тақдири статистикадан анча муҳим», — дея хулоса қилди Саида Мирзиёева.
Ирина Матвиенко «Газета.uz»га берган шарҳида шундай деди: «Бугун менга қизлар ва аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича муҳим масалалар муҳокама қилинган йиғилишда иштирок этиш, шунингдек, эрта никоҳлар ва ўсмирлар ҳомиладорлиги масалалари бўйича ўз кузатувларим билан ўртоқлашиш шарафи насиб этди».
«Идоралар раҳбарлари диққат билан тинглагани ва энг муҳими, ҳамкорликка тайёрлиги, вазиятни ўзгартириш ва яхшилашга интилаётгани катта умид бағишлайди. Саида Шавкатовнага аёллар муаммоларига, қизлар таълимига ва уларнинг Ўзбекистондаги келажагига доимо алоҳида эътибор қаратаётгани учун алоҳида миннатдорчилик билдираман», — деди.
Ирина Матвиенко «энди маълумотлар билан ишлаш ва идоралараро мувофиқлаштириш янги босқичга чиқишига, бу жипслашган ишнинг натижаси эса ҳамма бир ёқадан бош чиқариб ишласа, ислоҳотлар қанчалик самарали бўлишини кўрсатишига» умид билдирди.
«Саида Шавкатовна таъкидлаганидек, бизда кўп нарса яширилади. Статистикадаги юқори рақамлардан қўрқишади ва бу ёмон иш натижаси деб ўйлашади. Баъзан шундайдир, лекин баъзан бу янглиш фикр. Статистикани камайтириб кўрсатиш билан муаммо йўқ бўлиб қолмайди. У «гилам тагига» яширинади ва ўша ерда зарарли илдиз отади. Яъни вазият ёмонлашади. Менимча, юқори рақамлар жиноятларни, салбий ҳолатларни, турли муаммоларни аниқлаш бўйича самарали иш олиб борилаётганидан ҳам далолат бериши мумкин. Улар идоралар ишларни ёпиб юбормаётганини, балки ҳар бир ҳолатни аниқлаш ва чора кўришга интилаётганини кўрсатади», — дея қўшимча қилди ҳуқуқ ҳимоячиси.
Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил апрель ойида хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка киритилган ўзгартиришларни имзолаган эди. Ушбу тузатишлар устида бир йил давомида вазирлик ва идоралар, нодавлат ва халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат гуруҳ, шунингдек, фуқаролик фаоллари, жумладан, Nemolchi.uz лойиҳаси иштирокчилари иш олиб борган. 2024 йил кузида давлат раҳбари «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни ҳам имзолади.