Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Сиёсат 19/12/2025

Тошкент ирригация институтида коинот кузатуви станциялари ташкил этилади

Президент Шавкат Мирзиёевга 2025 йил 15 декабрь куни сув хўжалигида энергия самарадорлигини ошириш ва илмий салоҳиятни ривожлантириш борасидаги ишлар юзасидан ҳисобот берилди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Эскирган ва кўп энергия истеъмол қиладиган насос агрегатларини замонавий ва энергия тежамкорларига алмаштириш режалари кўриб чиқилди.

Хусусан, Қорақалпоғистонда 274 та насос станцияси мавжуд бўлиб, улар орқали 185 минг гектардан ортиқ ер суғорилади. Станциялардаги насос агрегатларининг ярмидан кўпи 1979 йилдан кейин ишлаб чиқарилган ускуналардан иборат бўлиб, уларнинг энергия истеъмоли замонавий насосларга қараганда 2-3 баравар юқори.

Кегейли туманидаги эскирган агрегатлардан бири замонавий энергия тежамкор ускунага алмаштирилгач, электр энергияси истеъмоли икки баравар камайди.

Ушбу ижобий тажрибадан келиб чиқиб, Қорақалпоғистондаги 276 та насосни босқичма-босқич замонавий энергия тежамкор агрегатларга алмаштириш режалаштирилмоқда. Натижада йилига 25 миллиард сўмга тенг электр энергияси тежалиши, лойиҳанинг ўзини оқлаш муддати эса 14 ойни ташкил этиши кутилмоқда.

Тошкент ирригация институтининг эришган натижалари ва келгуси режалари ҳақида маълумот берилди. Ушбу олий таълим муассасаси THE World University Rankings рейтингида дунёда 501-ўринни, Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари орасида 2-ўринни, Ўзбекистонда эса 1-ўринни эгаллади, шунингдек, QS World University Rankings натижаларига кўра 469-ўринга кўтарилди.

2024 йили университет ҳудудида 200 ўринли IT-марказ қурилди, рақамли кутубхона ва регистратор офиси ишга туширилди. Ўқув жараёнига дунёнинг топ-300 талигига кирувчи университетларни тамомлаган ватандошларимиз ҳамда хорижлик профессорлар жалб этилди.

Келгусида иқлим ўзгаришини таҳлил қилиш учун миллий рақамли платформа яратиш, университет ҳудудида коинот кузатуви станцияларини қуриш ва сунъий йўлдош маълумотларини қабул қилиш инфратузилмасини ривожлантириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, университетда «Сув дипломатияси» магистратура дастури очилади, ушбу мутахассисликка халқаро мақом бериш кўзда тутилган. Президент Тошкент ирригация университетини дунёнинг энг яхши 300 та университети қаторига киритиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш топшириғини берди.

2026 йилнинг март ойида Тошкент халқаро сув ҳафталигини ўтказиш режалаштирилмоқда. Форум халқаро институтлар ва минтақа мамлакатлари билан сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда «яшил» технологияларни жорий этиш масалаларини муҳокама қилиш майдонига айланади.

Президент, шунингдек, 2026 йили Оролбўйи минтақасида сув тежовчи технологиялар бўйича ўтказиладиган халқаро форумга пухта тайёргарлик кўриш вазифасини қўйди.