
2025 йил 11 декабрдан бошлаб пойтахт метросининг 4 та вестибюли йўловчилар учун қайта очилади, деб хабар берди Тошкент метрополитени матбуот хизмати.
Метро маъмурияти маълумотларига кўра, «Ўзбекистон», «Машинасозлар», «Ғафур Ғулом» ва «Миллий боғ» бекатлари кириш жойларининг бир қисми йўловчи оқими пастлиги сабабли кўп йиллар давомида ёпиқ бўлган.
Тошкент метрополитени ушбу вестибюлларда техник янгилаш ишлари олиб борилганини ва «бекатлар замонавий техник жиҳозлар билан тўлиқ таъминланганини» қайд этди.
Метро маъмурияти 2023 йилда метро қатновига бўлган талаб ортиб бораётганини инобатга олиб, иккинчи вестибюлларни очиш ташаббуси билан чиққан эди. Ўзбекистон ҳукумати ишларни амалга оширишга рухсат берди, «Тошметротранс» лойиҳа институти эса барча ёпиқ вестибюлларни очиш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқди.
2024 йил август ойида ижтимоий тармоқларда «Миллий боғ» метро бекатининг иккинчи вестибюлини тиклаш бўйича қурилиш ишлари акс этган фото ва видеолар пайдо бўлди. Тошкент метрополитени 5 та бекатда — «Миллий боғ», «Машинасозлар», «Ўзбекистон», «Ғафур Ғулом» ва «Юнус Ражабий» бекатларида иккинчи вестибюлларни очиш режалаштирилгани ҳақида хабар берган эди.