Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 18/12/2025

Болаларнинг ижтимоий тармоқлардаги хавфсизлиги учун ёш чекловларининг ўзи кифоя эмас — ЮНИСЕФ

БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) онлайн маконда болалар хавфсизлигини таъминлаш учун фақат ёш чекловларининг ўзи етарли эмаслигини маълум қилди. Ушбу баёнот Австралияда дунёда биринчи бўлиб 16 ёшга тўлмаган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тўлиқ тақиқлаш жорий этилиши ва бошқа мамлакатларнинг шунга ўхшаш чоралар кўриш режалари фонида эълон қилинди.

«ЮНИСЕФ дунёда болаларни рақамли муҳитда ҳимоя қилишга бўлган интилиш ортиб бораётганини олқишлайди, бироқ бундай тақиқлар хавф-хатарлардан холи эмас ва кутилган натижанинг тескарисига олиб келиши мумкин», — дейилади ташкилот баёнотида.

Жамғарманинг қайд этишича, кўплаб — айниқса жамиятдан ажралган ва яккаланган — болалар учун ижтимоий тармоқлар ўзига хос «ҳаёт йўли» бўлиб, уларга таълим олиш, мулоқот, ўйин ва ўзлигини намоён этиш имкониятини беради. Бундан ташқари, ЮНИСЕФнинг қўшимча қилишича, кўплаб болалар ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда давом этадилар — VPN ёки камроқ тартибга солинадиган платформалардан фойдаланиш уларнинг ҳимоясини янада қийинлаштиради.

«Ёш чекловлари болаларни зарардан ҳимоя қиладиган, уларнинг махфийлик ҳуқуқини ҳурмат қиладиган ва уларни тартибга солинмаган, хавфсизлиги камроқ бўлган рақамли маконларга сиқиб чиқармайдиган кенгроқ стратегиянинг бир қисми бўлиши керак», — деб таъкидлади ЮНИСЕФ.

Жамғарма фикрича, қонунчилик йўли билан тартибга солиш онлайн платформаларнинг болалар хавфсизлиги учун инвестиция киритиш мажбуриятининг ўрнини босмаслиги керак. Ёш чекловлари тўғрисидаги қонунлар платформалар дизайнини яхшилаш ва контент модерациясига муқобил бўла олмайди.

ЮНИСЕФ ҳукуматлар, регуляторлар ва технологик компанияларни болалар ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган хавфсиз ва инклюзив рақамли макон яратиш учун болалар ҳамда уларнинг оилалари билан бирга ишлашга чақирди.

2025 йил 10 декабрдан Австралияда 16 ёшга тўлмаган шахслар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқи кучга кирди. Бу ўсмирларнинг ижтимоий тармоқларга киришини тўлиқ чекловчи дунёдаги биринчи қонундир. Тақиқ остига 10 та йирик платформа, жумладан TikTok, Snapchat, YouTube, X, Facebook ва Instagram тушди. Болалар ва ўсмирларнинг профиллари ўчирилмаган ижтимоий тармоқ эгалари 50 млн Австралия долларигача (33 млн АҚШ доллари) жаримага тортилиши мумкин.

Австралиядан сўнг Дания расмийлари ҳам 15 ёшга тўлмаган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклаш ниятида эканликларини билдиришди. Бу ҳақдаги қонун 2026 йилнинг ўрталарида қабул қилиниши кутилмоқда.