
Ўзбекистон терма жамоаси V ёшлар Параосиё ўйинларини 197 та медаль — 99 та олтин, 57 та кумуш ва 41 та бронза билан якунлаб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади, деб хабар берди Миллий олимпия қўмитаси.
Мусобақалар 2025 йил 7–14 декабрь кунлари Дубайда (БАА) бўлиб ўтди ва унда Осиёнинг 35 мамлакатидан 1500 дан ортиқ спортчи иштирок этди. 14 декабрь куни кечқурун Тошкентга қайтиб келган терма жамоани Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари, Спорт вазирлиги, парламент ва бошқа тузилмалар раҳбарлари кутиб олди.
Ўзбекистон вакиллари ўйинларда спортнинг 6 тури — параенгил атлетика, парасузиш, парапауэрлифтинг, паратаэквондо, параармрестлинг ва бочча йўналишлари бўйича қатнашдилар.
Энг кўп медалларни параенгил атлетикачилар қўлга киритди — 71 та медаль, шу жумладан 37 та олтин, 20 та кумуш ва 14 та бронза.
Парасузишда ўзбекистонликлар ҳам юқори натижаларни қайд этдилар — 59 та медаль, жумладан 36 та олтин, 15 та кумуш ва 8 та бронза.
Парапауэрлифтинг бўйича Ўзбекистон атлетлари 43 та медаль — 21 та олтин, 14 та кумуш ва 8 та бронзага сазовор бўлдилар. Ушбу спорт турида Баҳриддин Холбутаев, Элбек Фарҳодов, Ойшажон Ражаббоева, Рухшона Ўктамова каби бир қатор спортчилар жаҳон рекордларини ўрнатдилар. Нурилло Инобиддинов, Эзоза Абдужабборова, Азизбек Пердебаев, Рухшона Ўктамова, Зиёдахон Боқижонова, Зуҳра Йўлдошева ва Гулюз Неъматуллаева Осиё рекордларини янгиладилар.
Паратаэквондо мусобақаларида терма жамоа аъзолари 14 та медаль, жумладан 3 та олтин, 4 та кумуш ва 7 та бронзани қўлга киритдилар.
Армрестлинг бўйича Ўзбекистон спортчилари 9 та медаль — 3 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза олдилар.
Бочча йўналишида ўзбекистонликлар 1 та кумуш ва 1 та бронза медалига сазовор бўлдилар.
«Ҳақиқий қаҳрамонлар»
Ўзбекистон Президенти терма жамоа аъзолари ва мураббийларни табриклаб, ушбу ғалабани «буюк тарихий ғалаба» деб атади: «Сизлар ҳақиқий мардлик ва матонат фазилатларини намойиш этиб, мусобақаларнинг чинакам қаҳрамонларига айландингиз ва Ўзбекистон паралимпия ҳаракати тарихида яна бир ёрқин саҳифа очдингиз».
«Мусобақа давомида Ўзбекистон мадҳияси салкам 100 марта янграгани Ватанимиз шуҳратини жаҳон майдонида юксалтиришга қўшган беқиёс ҳиссангизнинг яққол тасдиғи», — деб таъкидлади давлат раҳбари.
«Ўзбекистоннинг Параосиё ўйинларидаги иштироки тарихида бундай рекорд натижа ва буюк ғалаба ҳали бўлмаган», — деди.
«Ҳеч шубҳасиз, сизлар — миллий спортнинг шонли тарихи ва анъаналарини шакллантираётган ёш авлод ва юксак малакали мутахассислар, энг юксак эътироф ва олқишларга лойиқсиз», — дея қўшимча қилди президент.

