
2025 йил 6 декабрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари учун қарздорлигини тўламаган 204,8 минг абонентнинг электр энергияси тўлови имконияти вақтинча чекланган. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги хабар берди.
Аввалроқ республика бўйича 231,01 минг абонент 20,1 млрд сўм миқдоридаги умумий дебиторлик қарзи мавжудлиги тўғрисида СМС-хабарнома олган. Уларга қарзни тўлаш учун беш кунлик муддат берилган. Бу вақт ичида 9,4 млрд сўм тўланган.
Идора маълумотларига кўра, чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари учун жорий қарздорлик 18,2 млрд сўмни ташкил этмоқда. Қарз тўлиқ қоплангандан сўнг чекловлар автоматик тарзда олиб ташланади.
Агентлик бу чора 2025 йил 30 июнгача тўпланган қарздорликка нисбатан қўлланилмаслигини таъкидлади. Янги тартиб 2025 йил 1 июлдан бошлаб юзага келган қарзларга нисбатан амал қилади ва 5 ноябрдан жорий этилган. Истеъмолчилар ҳар ойда, ойнинг 5-санасидан кечиктирмай, қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари учун тўловларни амалга оширишлари шарт.
Маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари учун тўловларни қабул қилиш ва абонент ҳисобини юритиш қуйидагилар орқали амалга оширилади:
- Toza makon биллинг тизими;
- электрон тўлов тизимлари;
- истисно тариқасида, интернет алоқаси таъминланмаган чекка ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктлари учун — банк кассалари ва «Ўзбекистон почтаси» бўлимлари орқали.
2026 йил 1 январдан бошлаб жисмоний ва юридик шахслар учун қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари учун тўлов фақат электрон тўлов тизимлари орқали онлайн тарзда амалга оширилади. Интернетга кириш имконияти бўлмаган чекка ҳудудлар аҳолиси банк кассалари ва «Ўзбекистон почтаси» бўлимлари орқали хизматлар учун тўловларни амалга оширишлари мумкин.