
Жаҳон банки Ўзбекистон олий, техник ва профессионал таълим тизимларида талабаларни молиялаштиришга тенг киришни кенгайтириш бўйича EduImkon дастури учун 250 млн доллар миқдорида кредит ажратишни маъқуллади.
Жаҳон банки матбуот хизмати хабарига кўра, 3 йилга мўлжалланган дастур мамлакат бўйлаб 600 минг нафар ёшларни қамраб олиши кўзда тутилган. Дастур маблағларининг қарийб 80 фоизи кам таъминланган оилалардан бўлган талабалар ва аёлларга кредитлар беришга йўналтирилади.
Ўзбекистон аҳолисининг тўртдан бир қисмидан ортиғи — 10 миллион киши — 14-30 ёшдаги фуқаролар. 2017 йилдан 2024 йилгача олий таълим муассасалари сони ва ёшлар орасида олий таълим қамрови қарийб уч баравар — 8 фоиздан 48 фоизгача ошди. Бироқ, абитуриентлар сонининг ўсиши юкламани кучайтирди ва талабаларга давлат томонидан субсидияланадиган кредитларни тақдим этувчи тижорат банклари орқали фаолият юритаётган таълим кредитлари тизимининг барқарорлигини сақлашни қийинлаштирди, дейилади хабарда.
Талабаларни молиялаштириш тизими ҳам меҳнат бозори эҳтиёжларини етарлича ҳисобга олмайди. Таълим кредитлари, одатда, мутахассисларга талаб энг юқори бўлган дастурларда, масалан, табиий фанлар, технологиялар, муҳандислик ва математика (STEM), шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари соҳаларида ўқишга йўналтирилмайди. Бу эса битирувчиларнинг юқори маошли ишга жойлашиш имкониятларини камайтиради.
Аёллар барча олий ўқув юрти талабаларининг 55 фоизини ва таълим кредитларини олувчиларнинг 80 фоизини ташкил этади, аммо талаба қизларнинг фақат 33 фоизи меҳнат бозорида малакага талаб энг юқори бўлган STEM йўналишларида таҳсил олади.
Жаҳон банки томонидан молиялаштириладиган EduImkon дастури 2026—2028 йилларда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан талабаларни молиялаштириш тизимидаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш учун амалга оширилади.
Дастур қандай амалга оширилади
Таълим кредитлари тизимида бошқарув ва операцион жараёнларни модернизация қилиш бўйича аниқ «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек, бу соҳадаги манфаатдор вазирлик ва идоралар ўртасидаги мувофиқлаштиришни такомиллаштириш режалаштирилган.
Таълим кредитларига аризаларни кўриб чиқишни соддалаштириш ва тезлаштириш, шунингдек, молиялаштириш тўғрисида қарор қабул қилиш жараёнларида, кредит олувчиларнинг ҳолатини кузатишда ва таҳлилий маълумотларни тўплашда самарадорлик ва шаффофликни ошириш учун ягона онлайн платформа ишга туширилади.
Кам таъминланган оилалардан бўлган талабалар ва аёллар учун таълим кредитларини тақдим этиш мезонларини соддалаштириш ва ушбу гуруҳларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини ўзгартириш орқали олий, техник ва профессионал таълимга кириш имкониятини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар кўриш режалаштирилган.
Режалаштирилган чора-тадбирлар орасида — таълимнинг меҳнат бозори эҳтиёжларига мослигини ошириш ва таълим кредитлари тизимининг узоқ муддатли молиявий барқарорлигини таъминлаш.
Кам даромадли талабаларни ва ўқишни тамомлагандан сўнг вақтинча ишсизликка дуч келганларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қарз олувчининг даромадига боғлиқ тўловлар билан кредитлаш тизимини пилот режимида синовдан ўтказиш кутилмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2028 йил декабригача 600 мингга яқин олий ўқув юрти талабалари, шунингдек, техник ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари талабаларни молиялаштиришни қўллаб-қувватлашнинг модернизация қилинган тизими тақдим этадиган имкониятлардан фойдаланишга муваффақ бўлади. Уларга таълим кредитларини Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан мувофиқлашган ҳолда иш олиб борувчи 12 та тижорат банки беради.
EduImkon дастури маблағларининг қарийб 80 фоизи — бу 190 млн доллардан ортиқ маблағ — кам таъминланган оилалардан бўлган ёшлар ва аёлларни ўз ичига олган заиф гуруҳлардан бўлган талабаларга таълим кредитларини тақдим этишга, шунингдек, меҳнат бозорида энг талабгир бўлган, хусусан STEM соҳасидаги мутахассисликларни танлашни рағбатлантиришга йўналтирилади.
Дастур қўшимча 30 млн доллар хусусий капитални жалб қилишга ҳам кўмаклашади. Бу талабаларни кредитлаш имкониятларини кенгайтиришга ва давлат бюджетига тушадиган юкламани камайтиришга ёрдам беради.