
Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 11 декабрдаги йиғилишида асосий ставкани ўзгаришсиз — йиллик 14% даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди, дея хабар берди регулятор матбуот хизмати.
Марказий банкнинг қайд этишича, нисбатан қаттиқ пул-кредит шароитлари инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг пасайишига хизмат қилишда давом этмоқда. Шу билан бирга, юқори истеъмол талаби, таклиф омиллари ва хизматлар секторида нархларнинг тез ўсиши билан боғлиқ хатарлар сақланиб қолмоқда.
Инфляция секинлашмоқда
2025 йил ноябрда йиллик инфляция 7,5% гача пасайди. Энг катта таъсирни базавий инфляциянинг 6,3% гача секинлашиши кўрсатди, бунга қаттиқ пул-кредит шароитлари ва сўмнинг мустаҳкамланиши ёрдам берди.
Импорт нархлари ҳам ноозиқ-овқат товарлари инфляциясининг барқарорлашувига таъсир кўрсатди. Шу билан бирга, хизматлар соҳасидаги инфляция секинлашганига қарамай, талаб омиллари туфайли умумий даражадан юқори бўлиб қолмоқда.
Аҳоли ва бизнеснинг инфляцион кутилмалари 2025 йил ноябрь ойида пасайишда давом этди.
2025 йил якунлари бўйича Марказий банк инфляцияни 7,3% атрофида прогноз қилмоқда, бу аввалги баҳолардан паст (сентябрда 8,8% прогноз қилинган эди, октябрда эса 8% гача яхшиланган). Бу кутилганидан кўра импорт инфляциясининг кучлироқ пасайиши ва миллий валютанинг кутилганидан юқори мустаҳкамланиши билан боғлиқ.
2026 йил охирига келиб инфляция 6,5% атрофида бўлиши кутилмоқда.
Иқтисодиёт потенциал суръатлардан юқори ўсмоқда
Регуляторнинг таъкидлашича, иқтисодий фаоллик юқори даражада сақланиб қолиб, потенциал суръатлардан юқори ўсиш темпларини шакллантирмоқда. Хусусан, меҳнат бозорида талаб ошмоқда, савдо ва пуллик хизматлар секторида тушумлар кўпаймоқда, банклараро транзакциялар ҳажми ўсишда давом этмоқда.
Йил охиригача иқтисодий ўсиш 7−7,5% ни ташкил этиши кутилмоқда.
Марказий банк, шунингдек, таклиф томонидан сақланиб қолаётган хатарларга — алоҳида турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича мумкин бўлган тебранишлардан тортиб, сўнгги ойларда транспорт нархларининг ошишигача, шунингдек, тартибга солинадиган нархларнинг индексацияси (оширилиши) билан боғлиқ иккиламчи таъсирларга ҳам эътибор қаратмоқда.
Ташқи ва ички шароитлар
Жаҳон иқтисодиётининг жонланиши ва молиявий шароитларнинг юмшаши фонида хомашё бозорларидаги юқори нархлар Ўзбекистоннинг экспорт даромадларини қўллаб-қувватламоқда. Бу сўмнинг реал самарали курсини узоқ муддатли мувозанатга яқин даражада шаклланишига ёрдам бермоқда.
Инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг пасайиши юқори реал фоиз ставкаларини шакллантирмоқда, бу миллий валютада жамғаришни рағбатлантиради ва муддатли депозитларнинг тез ўсишини таъминлайди.
Бироқ, чакана кредитлашнинг тез ўсиши келажакда инфляцион босимни кучайтириши мумкин.
Сақланиб қолаётган хатарлар шароитида регулятор инфляцияни 5% гача пасайтириш мақсадига эришиш учун етарлича қаттиқ пул-кредит шароитларини сақлаб қолишга қарор қилди.
Марказий банк пул-кредит сиёсати инфляция динамикаси ва инфляцион хатарлар мувозанатининг ўзгаришига қараб тузатилиши мумкинлигини қайд этмоқда.
Марказий банкнинг асосий ставкани қайта кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йил 28 январга белгиланган.