
Сирдарё иссиқлик электр станциясидаги таъмирлаш ишлари ва қуёш станцияларининг мавсумий ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайиши сабабли Ўзбекистоннинг баъзи ҳудудларида электр таъминоти вақтинча чекланиши мумкин. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, ушбу электр станциясининг 2-сонли газ турбинасида ротор носозлиги аниқланган. Қуввати 1500 МВт бўлган ИЭС ишини тезроқ тиклаш учун ишлаб чиқарувчи ва инвесторнинг кафолат мажбуриятлари доирасида янги агрегат ишлаб чиқарилди ва етказиб берилди.
114 тонна оғирликдаги ускуна Mitsubishi компанияси томонидан тайёрланган ва 8 декабрь куни махсус рейс билан Тошкент халқаро аэропортига олиб келинган, у ердан дарҳол станция майдонига ташилган. Монтаж ва синов-созлаш ишлари тахминан бир ой давом этади.
Станция қувватининг бир қисми тўхтатилгани сабабли қўшимча захира манбалари ва янги энергоблоклардан фойдаланилмоқда. Шу билан бирга, мамлакатда қуёш генерациясининг ишлаб чиқариши пасайиши кузатилмоқда — булутли об-ҳаво ва қисқа кун туфайли.
«Шу сабабли, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш балансини тартибга солиш, шунингдек, уларнинг мувозанатини сақлаш мақсадида баъзи ҳудудларда, асосан, юқори истеъмол даврларида (17:00 дан 21:00 гача) қисқа муддатли электр таъминотида узилишлар кузатилиши мумкин», — дейилади хабарда.
Зарурат туғилганда истеъмолчилар олдиндан огоҳлантирилади. Ҳукумат бу чоралар энергетика таъминотининг барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилганини таъкидламоқда.
Янги ротор ўрнатилгандан сўнг газ турбинаси лойиҳавий қувватини тиклайди ва электр таъминотини тартибга солиш бўйича вақтинчалик чоралар тўхтатилади.
Аралаш циклдаги газ турбиналарига эга, қуввати 1500 МВт бўлган янги Сирдарё ИЭСи 2023 йил охирида ишга туширилган, қолган учта энергоблок 2024 йил ёзида тўлиқ ишга туширилган. Лойиҳа ACWA Power билан ҳамкорликда амалга оширилган, инвестициялар қарийб 1 млрд долларни ташкил этган. Қурилиш 2020 йилда бошланган, ишга тушириш бир неча бор кечиктирилган эди. Станция йилига 10–12 млрд кВт⋅соатгача электр энергияси ишлаб чиқариши керак.
Лойиҳа ЕТТБ, ОПЕКнинг Халқаро ривожланиш жамғармаси, DEG ва бошқа кредиторларни ўз ичига олган халқаро молия институтлари гуруҳи иштирокида амалга оширилмоқда. ОТБ уни амалга ошириш учун 100 млн доллар ажратган.
2020 йил март ойида ACWA Power ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» 25 йил муддатга электр энергиясини сотиб олиш шартномасини (PPA) имзолади. Саудия компанияси инвестор, девелопер, станция эгаси ва оператори сифатида иштирок этмоқда. Электр энергиясини сотиб олувчи (off-taker) — МЭТ.
Қайд этиш жоизки, 1,5 ГВт қувват Ўзбекистондаги барча ўрнатилган энергетика қувватларининг (27 ГВт) тахминан 5,5 фоизини ва барча ИЭСларнинг (газ ва кўмир) қувватининг тахминан 9,8 фоизини ташкил этади. Қуёш ва шамол станцияларининг ўрнатилган қуввати тахминан 5,58 ГВт деб баҳоланган.