Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

«Ўзбекнефтгаз» ва Cargill Ўзбекистонга 3 млрд долларгача маблағ жалб қилиш бўйича келишиб олди

«Ўзбекнефтгаз»нинг халқаро савдо ва инвестициялар бўйича шўъба нефть-газ компанияси — UNG Overseas — ва Американинг Cargill корпорацияси стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади. Бу ҳақда давлат компанияси матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжатга кўра, томонлар ҳажми 3 млрд долларгача бўлган узоқ муддатли молиялаштиришни жалб қилишга келишиб олдилар, бунда умумий лимит 5 млрд долларгача оширилиши мумкин.

«Ўзбекнефтгаз»нинг таъкидлашича, келишувдан мақсад — Ўзбекистоннинг энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, ресурс таъминоти барқарорлигини ошириш ва мамлакатнинг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш.

Ҳамкорлик доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар энергия истеъмолининг ўсиши, иқлим ўзгаришлари ва саноатни модернизация қилиш фонида асосий тизимлар — энергетика, сув хўжалиги ва экология барқарорлиги ҳамда самарадорлигини оширишга қаратилган, дейилади хабарда.

Томонлар қуйидаги йўналишлар бўйича лойиҳаларни кўриб чиқадилар:

  • аҳоли ва корхоналарни энергия таъминоти билан таъминлаш;
  • тизимли хатарларни камайтириш ва инфратузилмани модернизация қилиш;
  • энергетика ва сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини ошириш;
  • экологик мувозанатни таъминлаш;
  • саноатнинг рақобатбардошлигини ошириш ва энергетика мустақиллигини мустаҳкамлаш.

UNG Overseas халқаро ҳамкорлар билан стратегик ҳамкорликни мувофиқлаштиради, Cargill эса структуравий молиялаштириш соҳасидаги глобал тажрибасига асосланган ечимларни таклиф қилади.

Компания имзоланган келишув Ўзбекистоннинг узоқ муддатли энергетика барқарорлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам эканлигини ва иқтисодиётнинг устувор тармоқларига халқаро инвестицияларни жалб қилиш учун янги имкониятлар очишини таъкидлайди.

2025 йил октябрь ойида «Ўзбекнефтгаз» БААда UNG Overseas бренди остида ишловчи Orient Energy Limited шўъба компаниясини ташкил этганини эълон қилган эди. Янги офис энергетика, шунингдек, унга тегишли саноат ва инфратузилма соҳаларидаги йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун халқаро молия институтлари ва инвесторлардан маблағ жалб қилиш учун масъулдир.

UNG Overseas халқаро инвестиция ва трейдинг маркази сифатида ташкил этилган. Бу қадам «Ўзбекнефтгаз»нинг жаҳон бозоридаги мавқеини кенгайтириш ва хорижий инвестициялар оқимини кучайтириш стратегиясининг бир қисми.