
Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳал қилувчи босқичга кирмоқда ва Конституциянинг ҳар бир нормаси давлат ва жамият ҳаётидаги амалий фаолият мезонига айлантирилиши лозим. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Конституция куни (2025 йил 8 декабрь) муносабати билан йўллаган табригида маълум қилди.
Конституция — «барча ҳуқуқ ва эркинликлар, мамлакатда тинчлик ва барқарорлик, бирлик ва ҳамжиҳатлик, демократик ислоҳотларнинг ортга қайтмаслиги кафолатидир. Конституцияда мустаҳкамланган нормалар ва принциплар Янги Ўзбекистонни барпо этишда улкан куч, ишонч ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда», — дея таъкидлади давлат раҳбари.
«Биз Конституция ва қонунларни чуқур ҳурмат қилишимиз, мустаҳкам ҳуқуқий билим ва амалий тажрибага эга бўлишимиз керак, шундагина давлат ва жамият ишларини бошқаришда фаол иштирок этишимиз, Ватан ва халқ олдидаги фарзандлик бурчимизни шараф билан адо этишимиз мумкин. Шундагина Асосий Қонунимизнинг ҳаётбахш кучи ва бунёдкорлик салоҳияти янада ёрқин намоён бўлади», — дея урғулади.
«Ёшларга Асосий Қонуннинг моҳияти ва мазмунини ҳар томонлама тушунтириш, уларни конституциявий қадриятлар асосида юксак онг, сиёсий тафаккур ва ҳуқуқий маданиятга эга ҳақиқий ватанпарвар этиб тарбиялаш» ўта муҳим вазифадир, деди президент.
Асосий Қонунга кўра, давлат ҳокимиятининг ягона манбаи халқ эканлигини қайд этган Шавкат Мирзиёев, халқ ҳокимиятини, вакиллик демократиясини, Конституция ва қонун устуворлигини кучайтириш йўналишидаги ислоҳотлар «янада қатъий» давом этишини таъкидлади. У, 1 январдан бошлаб туман ва шаҳарларда ҳокимлар ҳамда халқ депутатлари кенгашлари раислари функциялари ажратилаётганини эслатди.
Президент, шунингдек, Конституцияга мувофиқ, мамлакатда «давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини бажариш, ижтимоий давлат қуриш бўйича катта ишлар амалга оширилаётганини» қўшимча қилди. «Инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият берилмоқда».

