
«Ўзбекнефтгаз» компанияси ва Озарбайжоннинг SOCAR компанияси Қорақалпоғистоннинг Устюрт минтақасида фойдали қазилмаларни қидириш ва қазиб олиш лойиҳасини амалга оширишга киришди. Бу ҳақда Озарбайжон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Озарбайжон Энергетика вазири Парвиз Шаҳбазов 2025 йил 5 декабрь куни Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган янги энергетика лойиҳаларини ишга тушириш ва қурилишни бошлаш маросимида қатнашди.
Тадбирда видеоконференцалоқа орқали Ўзбекистон Туркия, БАА, Саудия Арабистони, Хитой ва Озарбайжондаги ҳамкорлар билан мамлакатнинг турли ҳудудларида амалга ошираётган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Маросимда сўзга чиққан Парвиз Шаҳбазов ушбу лойиҳа «энергетика ҳамкорлигининг стратегик аҳамиятини тасдиқлаши, углеводород соҳасида технологиялар алмашинуви учун асос яратиши ва минтақавий энергетика интеграциясига ҳисса қўшишини» таъкидлади.
Шаҳбазов Озарбайжон, Ўзбекистон ва Қозоғистон энергетика тизимларини биринчи марта боғлайдиган Транскаспий энергетика коридори лойиҳасини ҳам стратегик жиҳатдан муҳим деб атади.
Лойиҳа оператори офиси очилди
2025 йил 4 декабрь куни Тошкентда Устюрт нефть-газ минтақасида геология-қидирув ишлари ва углеводородларни қазиб олиш лойиҳасини амалга ошириш учун ташкил этилган Ustyurt Operating Company компаниясининг офиси расмий очилди. Бу ҳақда SOCAR ва «Ўзбекнефтгаз» хабар берди.
Очилиш маросимида «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси Баҳодиржон Сидиқов, SOCAR вице-президенти Арзу Жавадова, лойиҳа жамоалари ва давлат тузилмалари вакиллари иштирок этди.
Озарбайжон компанияси маълумотларига кўра, Ustyurt Operating Company қисқа муддатда рўйхатдан ўтказилган: зарур рухсатнома ва лицензиялар олинган, профессионал жамоалар шакллантирилган, дала геология-қидирув ишларига тайёргарлик бошланган.
Компания офисининг очилиши лойиҳанинг фаол амалга ошириш босқичига ўтганини англатади, дейилади хабарда.
«Ўзбекнефтгаз» маълумотларига кўра, Ustyurt Operating Company фаолияти ресурс базасини мустаҳкамлаш, геология-қидирув самарадорлигини ошириш ва узоқ муддатли энергетика барқарорлигини таъминлашга қаратилган.
Компания 2025 йил 11 сентябрда Тошкентда рўйхатдан ўтган. Таъсисчиси SOCAR BTBK (100%), раҳбари SOCAR вице-президенти маслаҳатчиси Ризван Маммадов.
Лойиҳа ҳақида
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, Озарбайжон давлат нефть компанияси (SOCAR) ва «Ўзбекнефтгаз» 24 июль куни Маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битимни (МТТБ) имзолаган эди. Ҳужжат Устюрт нефть-газли минтақасининг Бойтерак, Теренгқудуқ, Бирғори, Харой, Қорақалпоқ ва Қулбой инвестиция блокларида геология-қидирув ишларини олиб бориш ва кейинчалик углеводородларни қазиб олишни назарда тутади.
МТТБга кўра, қидирув ва разведка ишлари, шунингдек, камида битта қидирув қудуғини бурғулаш 5 йил ичида якунланиши режалаштирилган. Бу давр мобайнида SOCAR оператор сифатида иш юритади.
«Ўзбекистон 24» телеканали лойиҳа доирасида 100 млн тонна нефть ва 35 млрд кубометр табиий газ топилиши прогноз қилинаётганини хабар қилган эди. Мутахассисларнинг фикрича, гап «катта нефть ресурсларига эга йирик конининг топилиши» ҳақида кетмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Устюрт минтақасидаги маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битимга қўшилиш бўйича Британиянинг BP компанияси билан дастлабки музокаралар олиб бормоқда. Энергетика вазирлиги компаниянинг қизиқиши тасдиқланганини маълум қилди. Лойиҳанинг амалдаги иштирокчилари «Ўзбекнефтгаз» ва SOCAR 2 млрд доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда.

